Индонезия Путинни Байден ёки Зеленский билан учраштирмоқчи
Олам
−
27 Октябрь 2022
4802Индонезия Россия Президенти Владимир Путиннинг "”Йигирмалик” (G20) саммитида АҚШ ва Украина раҳбарлари билан учрашишига ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Томскга ташриф билан келган Индонезиянинг Россиядаги элчиси Хосе Таварес бугун, 27 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда маълум қилди.
“Индонезия жаноб Владимир Путинни шахсан қабул қилишдан жуда хурсанд бўлади ва биз Россия томонидан бўладиган ҳар қандай сўров учун шароит яратиб берамиз. Биз Владимир Путин ва АҚШ раҳбари ёки Владимир Путин ва Украина раҳбари ўртасида бўлиши мумкин бўлган учрашувни ташкил этиш ва ўтказишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз”, дея таъкидлади Таварес.
Россия ва Украина делегацияларининг таркиби ҳақида сўралганда, элчи “мамлакатлар саммитда иштирок этишини тасдиқлаган-тасдиқламаганлигига аниқлик киритмасдан туриб, уларга ким раҳбарлик қилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ”, деб жавоб берди. Шунингдек, у давлат раҳбарларининг бундай саммитларда иштирок этиши масаласи одатда охирги лаҳзада ҳал қилинишини қўшимча қилди.
Аввал берган интервьюсида Таварес, Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви икки давлат муносабатларидаги “музни бузиши” мумкинлигини таъкидлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Индонезия Ташқи ишлар вазири Ретно Марсуди Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Балидаги G20 саммитида иштирок этишини тасдиқлаган эди.
LiveБарчаси