Индонезия Apple’нинг 100 млн доллар сармоя киритиш таклифини рад этди
Олам
−
23 Ноябрь
2064Индонезияда iPhone 16 импорти тақиқлангач, Apple компанияси мамлакат иқтисодиётига икки йил ичида 100 миллион доллар киритишни ва ўз қурилмалари учун компонентлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилди. Аммо Индонезия ҳукумати буни етарли деб ҳисобламаяпти ва сармоя миқдорини оширишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Мамлакат қонунчилиги бўйича Apple Индонезияда сотиладиган маҳсулотлари учун 40 фоиз локализацияни таъминлаши керак. Аммо компания маҳсулотлари ҳозирча бу талабларга жавоб бермайди. Шу асосда компания вакиллари билан ўтказилган музокараларда индонезиялик расмийлар янада кенгроқ маҳаллийлаштиришни талаб қилган.
Apple томонидан тақдим этилган дастлабки режага кўра:
- 100 миллион доллар маблағни илмий изланишлар ва дастур ишлаб чиқарувчиларни тайёрлаш учун йўналтириш;
- 2025 йил июль ойидан бошлаб қурилмаларининг айрим қисмлари, масалан, AirPods Max қулоқчинлари учун тўрчаларнинг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш таклиф қилинган.
Бироқ Индонезия ҳукумати сармоялар ҳажмини ошириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришни талаб қилган, шу жумладан, компаниянинг тайёр аксессуарларини ҳам мамлакатда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф этган. Музокаралар натижалари ҳозирча маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезияда сотилаётган қурилмаларнинг 40 фоизи маҳаллий таркибий қисмлардан ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги талаб бажарилмагани сабабли Google Pixel ва iPhone 16 смартфонлари сотуви тақиқлаб қўйилган эди.
LiveБарчаси