Индонезияда iPhone 16 сотиш тақиқланди
Олам
−
28 Октябрь
5747Ўтган ҳафта охирида Индонезия ҳукумати мамлакатда iPhone 16 смартфонини сотишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Индонезия ҳукумати бу тақиқни Apple икки томонлама келишув шартларини бузганлиги билан изоҳлаган.
“Сентябрь ойида тақдим этилган iPhone 16’ни ички бозорда сотиш мумкин эмас, чунки Apple Индонезиядаги смартфон ва планшетлар учун 40 фоизлик маҳаллий талабларини бажармаган”, дейилади Саноат вазирлиги баёнотида.
Ҳукумат маълумотларига кўра, 350 миллиондан ортиқ фаол мобил телефонлар мавжуд. Бу мамлакатнинг 270 миллион аҳолисидан анча кўп дегани.
Октябрь ойи бошида Саноат вазирлиги Apple Индонезияга атиги 1,5 триллион рупия (95 миллион доллар) сармоя киритганини, бу эса ўз мажбуриятидан 1,7 триллион рупия камроқ эканини айтган.
Ушбу тақиқ аввалги iPhone моделларини сотишга тааллуқли эмас.
Apple ҳали Индонезия расмийларининг қарорига изоҳ бермади. Компаниянинг маҳаллий смартфонлар бозоридаги асосий рақобатчилари – Жанубий Кореянинг Samsung ва Хитойнинг Xiaomi компаниялари 2017 йилда ўз маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича мажбуриятларини бажаргани эълон қилинган.
Маълумот учун, Индонезия 2020 йилдан буён чет элдан сотиб олинган барча телефонларни ҳукумат рўйхатидан ўтказишни талаб қилади ва улар катта солиққа тортилади. Мамлакат узоқ вақтдан бери савдо чекловларидан фойдаланиб, хорижий компанияларни ўз маҳсулотларини кўпроқ маҳаллий ишлаб чиқаришга ундашда муваффақият қозонган. Ҳукумат бу йил кўплаб маҳсулотларни импорт қилиш қоидаларини кучайтирди, бу ноутбуклар ва автомобиль шиналари каби маҳсулотларнинг етишмаслигига олиб келди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Индонезиянинг давлат назорати остидаги нефтни қайта ишлаш заводи Pertamina нефть сотиб олиш учун тендер рўйхатига Россия нефть навларини қўшганди. Гарчи Индонезия Россияга қарши Ғарб санкцияларига қўшилмаган бўлса-да, Pertamina 2022 йилда Россия-Украина ҳарбий можароси бошланганидан бери орқага қадам ташлаб, анча вақт давомида Россия нефтини сотиб олмаган. Маълумотларга кўра, Pertamina охирги марта Россиядан ЭСПО Бленд ва Цоколь мойларини 10 йилдан кўпроқ вақт олдин сотиб олган.
Муҳаммад Ҳодиев