Имомали Раҳмон қизини мукофотлади
Олам
−
26 Август 19699 2 дақиқа
Кеча, 25 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “Миллат” саройида мамлакат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан бир қатор амалдорларга олий давлат ва фахрий мукофотларни топширди. Бу борада у қизини ҳам унутмади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан “Миллат” саройида Тожикистон Президенти фан, маданият, тиббиёт, таълим, тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги юксак ютуқлари учун 200 га яқин инсонни мукофотлаган.
Унвон олганлар орасида Президентнинг қизи, Тожикистон Президенти Ижроия қўмитаси раҳбари Озода Раҳмон ҳам бор.
Маълумот учун, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг тўнғич қизи Озода Раҳмон ҳозирда Тожикистон Президенти Ижроия аппарати раҳбари лавозимини эгаллаб турибди. У сиёсий фаолиятини 2005 йилда, 27 ёшида бошлаган. Унинг биринчи иш жойи Республиканинг АҚШдаги элчихонаси бўлиб, у ерда 2007 йилда маданият ва таълим бўйича атташе бўлиб ишлаган. 2007 йилдан 2009 йилгача у Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармаси бошлиғи бўлган ва бироздан кейин у кўтарилиб, Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган.
2014 йилда у ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. 2016 йилдан эса Тожикистон Президентининг фармони билан у Президентнинг ижро аппаратини бошқариб келмоқда. Ўша йили Озода Раҳмон Душанбедан Тожикистон сенатори этиб сайланди ва парламент юқори палатаси ҳуқуқ қўмитасига раҳбарлик қилди. 2017 йилда ҳам Президент фармони билан Озода Раҳмон давлат адлия маслаҳатчиси унвонини олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг кенжа қизи Фарзона Имомали мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ислоҳотлар, биринчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.
Live
Барчаси