Имомали Раҳмоннинг қизи янги лавозимга тайинланди
Олам
−
13 Август 50753 2 дақиқа
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг кенжа қизи Фарзона Имомали мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ислоҳотлар, биринчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
“Ёш мутахассиснинг касбий маҳоратини инобатга олиб, жорий йилда Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг буйруғи билан Фарзона Имомали вазирлик марказий аппаратининг ислоҳотлар, бирламчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди”, дейилади хабарда.
У тайинловга қадар 2021 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ислоҳотлар, бирламчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармаси мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун, Президент Имомали Раҳмоннинг кенжа қизи Фарзона Имомали 1998 йилнинг 4 июлида Душанбе шаҳрида туғилган. У ўрта мактабни тамомлаб, Ломоносов номидаги Москва давлат университети лицейининг Душанбе шаҳридаги филиалига ўқишга кирган ва уни 2014 йилда аъло баҳоларга тамомлаган.
Ўша йили Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университетининг даволаш факультетига ўқишга кириб, уни 2020 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. 2022 йилда педиатрия йўналиши бўйича клиник ординатурани, 2023 йилда эса Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Давлат бошқаруви факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Тожикистон Халқ демократик партияси аъзоси, оила қурмаган, аммо бир фарзандни тарбиялайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинланганди.
Live
Барчаси