Илҳом Алиев ҳам Мужтабо Хоманаийни табриклади

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Оятуллоҳ Саййид Мужтабо Хоманаийга Эрон Ислом Республикаси Олий раҳбари бўлгани муносабати билан табрик мактуби йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳурматли Саййид Мужтабо Хоманаий, сизни Эрон Ислом Республикасининг Олий раҳбари лавозимига сайланганингиз муносабати билан самимий табриклайман.

Шунингдек, отангиз – Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийнинг фожиали вафоти муносабати билан сизга чуқур таъзия изҳор қиламан”, дейилади мактубда.

Шунингдек, Алиев мактубида икки мамлакат орасидаги алоқалар яна-да яхшиланишига ишонч билдирган.

“Озарбайжон Республикаси билан Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатлар тарихан меҳрибон қўшничилик ва дўстлик руҳида ривожланган бўлиб, бу халқларимизнинг иродасидан келиб чиққан. Давлатлараро алоқаларимизни халқларимиз манфаатларига мувофиқ, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида янада ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилишимизга умид билдираман.

Юқори лавозимга тайинланишингиз муносабати билан сизни яна бир бор табриклаб, дўст ва ака-ука бўлган Эрон халқига тинчлик ва осойишталик тилайман”, дейди Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев.

Қайд этиш жоиз, бунгача Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбатлашиб, Нахечивонга қилинган ҳаво ҳужуми билан боғлиқ ҳодиса Эрон билан алоқадор эмаслигини таъкидлаб, ушбу воқеа, албатта, текширилишини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, Али Хоманаий 28 февраль куни Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси давомида Исроил авиазарбаси оқибатида ўлдирилган эди. Бугун, 9 март куни Эрон нашрлари Мужтабо Хоманаий янги олий раҳбар бўлганини эълон қилди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси унга содиқлик қасамини ичди, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса Мужтабо Хоманаийнинг тайинланишини “ислом миллатининг миллий бирликни мустаҳкамлашга бўлган интилиши ифодаси” деб атади.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаийга унинг сайлангани муносабати билан табрик йўллади.  


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Оятуллоҳ Саййид Мужтабо Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг