Путин Мужтабо Хоманаийни табриклади
Олам
−
09 Март 5246 1 дақиқа
Бугун, 9 март куни Россия Президенти Владимир Путин Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаийга унинг сайлангани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳозир, Эрон қуролли тажовузга қарши тураётган бир пайтда, ушбу юксак лавозимдаги фаолиятингиз шубҳасиз катта жасорат ва фидойиликни талаб қилади. Ишончим комилки, сиз отангизнинг ишини шараф билан давом эттирасиз ва Эрон халқини оғир синовлар қаршисида жипслаштирасиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Путин Теҳронни “қўллаб-қувватлаши” ва “эронлик дўстлар билан бирдамлигини” билдирган.
“Россия Ислом Республикасининг ишончли шериги бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади”, дейилади табрикда.
Маълумот учун, 56 ёшли Саййид Мужтабо Хоманаий — Эроннинг марҳум Олий раҳбари Али Хоманаийнинг иккинчи ўғли.
Эслатиб ўтамиз, Али Хоманаий 28 февраль куни Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси давомида Исроил авиазарбаси оқибатида ўлдирилган эди. Бугун, 9 март куни Эрон нашрлари Мужтабо Хоманаий янги олий раҳбар бўлганини эълон қилди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси унга содиқлик қасамини ичди, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса Мужтабо Хоманаийнинг тайинланишини “ислом миллатининг миллий бирликни мустаҳкамлашга бўлган интилиши ифодаси” деб атади.
Live
Барчаси