Эронга расман янги олий раҳбар тайинланди
Олам
−
09 Март 13739 3 дақиқа
Эроннинг янги олий раҳбари этиб 56 ёшли Саййид Мужтабо Хоманаий тайинланди. Бу ҳақда мамлакатнинг Экспертлар кенгашига таяниб, “Fars” хабар берди.
Саййид Мужтабо Хоманаий – ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг иккинчи ўғли ҳисобланади. Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши ўтказилган ҳарбий операция вақтида берилган зарбаларда ҳалок бўлган.
Мужтабо Хоманаий шиалик руҳоний бўлиб, Эроннинг сиёсий ва диний доираларида катта таъсирга эга шахс сифатида танилган. У узоқ йиллар давомида олий раҳбар маъмуриятида муҳим вазифаларда ишлаган ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан яқин ҳамкорлик қилган.
Экспертлар кенгаши янги олий раҳбарни 8 март куни эрталаб сайлаган. Кенгаш аъзоси Муҳаммад Меҳдий Мирбоғерий экспертлар бу масалада келишувга эришганини маълум қилган. Бироқ кенгаш котибияти аввал бу қарорни дарҳол эълон қилмаган.
Эрон конституциясига кўра, олий раҳбар лавозимига сиёсий ёки диний арбоб сайланиши мумкин. Номзод ҳалол ва тақводор бўлиши, бошқарув қобилиятига эга бўлиши, яхши обрўга эга бўлиши, мамлакатнинг расмий динига эътиқод қилиши ва Ислом Республикаси тамойилларини қўллаб-қувватлаши шарт. Олий раҳбар лавозими умрбод берилади.
Саййид Мужтабо Хоманаий Эрон тарихидаги учинчи олий раҳбар бўлди. Ундан аввал бу лавозимни Руҳуллоҳ Хумайний ва Оятуллоҳ Али Хоманаий эгаллаган. Руҳуллоҳ Хумайний 1979 йилги Ислом инқилоби орқали мамлакатдаги шоҳ ҳокимияти ағдарилганидан кейин ҳокимиятга келган. У 1989 йилда вафот этган.
Руҳуллоҳ Хумайний раҳбарлиги даврида Али Хоманаий Эрон президенти бўлиб ишлаган. Ўша вақтда президент лавозими кўпроқ рамзий аҳамиятга эга бўлиб, ижроия ҳокимиятнинг асосий ваколатлари бош вазир қўлида бўлган.
Али Хоманаий 1989 йил июнь ойида Эрон олий раҳбари лавозимини эгаллаган ва қарийб 37 йил давомида бу лавозимда қолган.
Эроннинг янги олий раҳбари лавозими учун бир нечта номзод кўриб чиқилган. Улар орасида Алиризо Арофий – Экспертлар кенгаши раиси ўринбосари, шунингдек мамлакатдаги диний таълим муассасалари тизими раҳбари бўлган. У аввал конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоси ҳам бўлган.
Шунингдек, Муҳаммад Меҳдий Мирбоғирий – руҳоний ва Экспертлар кенгаши аъзоси, диний доираларнинг энг консерватив қаноти вакили сифатида ҳам номзодлардан бири бўлган.
Номзодлар қаторида яна Содиқ Лорижоний ҳам бор эди. У Оятуллоҳ Ҳошим Омулийнинг ўғли ва Эрон парламенти собиқ спикери Али Лорижонийнинг укаси ҳисобланади. Содиқ Лорижоний айни пайтда Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг янги раҳбариятига қарши навбатдаги зарба берилганини маълум қилганди.
Live
Барчаси