Иккита сайёрага ўзбек олимларининг номи берилди

Жамият

image

Икки кичик сайёрага Астрономия институтининг икки нафар ўзбек олимларининг номи берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.

Қайд этилишича, 2026 йил 9 июль куни Халқаро астрономия жамиятининг Кичик жисмлар бўйича қўмитаси (WGSBN) томонидан эълон қилинган расмий баёнотда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг икки нафар олими - Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхонов номлари икки кичик сайёра астероидга берилгани маълум қилинган. Янги номлар WGSBN Бюллетенининг 6-жилд, 11-сонида эълон қилинган. 

Эндиликда халқаро астрономик каталогларда ушбу осмон жисмлари (131358) “Камолергашев” ва (121339) “Отабекбуркҳонов” номлари билан қайд этилади. 

Халқаро каталогларда дастлаб 2001 КА2 рақами билан рўйхатга олинган астероид 2001 йил 19 майда Чехиядаги Ondřejov обсерваториясида чех астрономлари томонидан кашф этилган. Ушбу астероидга Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев шарафига “Камолергашев” номи берилди. 

Расмий номлаш изоҳида Камолиддин Эргашев 2007 йилда Астрономия институтининг Астероидлар тадқиқотига қўшилгани ва 2024 йилда шу йўналишда фалсафа доктори илмий даражасини олгани таъкидланган. Унинг илмий фаолияти астероидлар фотометрияси, равшанлик эгри чизиқларини таҳлил қилиш, астероидларнинг физик хусусиятларини аниқлаш, шунингдек, астероид жуфтликлари, кластерлари ва қўшалоқ астероид тизимларини кузатиб ўрганишга қаратилгани келтирилган. 

Халқаро каталогларда дастлаб 1999 ТО15 вақтинчалик белгиланишига эга бўлган астероид 1999 йил 13-октабрда чехиялик астрономлар томонидан кашф этилган. Астероидга Астрономия институти лаборатория мудири Отабек Бурхонов шарафига “Отабекбуркҳонов” номи берилди.

Расмий изоҳда Отабек Бурхонов 2000 йилдан буён Улуғбек номидаги Астрономия институтида фаолият олиб бораётган астроном сифатида қайд этилган. У 2005 йилда фан номзоди илмий даражасини олган. Олимнинг тадқиқотлари оптик фотометрияга бағишланган бўлиб, астероидларнинг равшанлик эгри чизиқларини ўрганиш, ўзгарувчан юлдузлар, гравитацион линзаланган квазарлар ҳамда Майданак обсерваториясида гамма-чақнашларнинг кейинги оптик кузатувларини қамраб олади. 

Фанлар академиясининг таъкидлашича, астероидларга олимларнинг исмини бериш уларнинг илмий фаолияти ва фан ривожига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этишнинг ўзига хос шаклидир. Тасдиқланган номлар халқаро астрономик номенклатурага киритилади ҳамда келгусидаги илмий мақолалар, каталоглар ва эфемеридаларда объектларнинг расмий номи сифатида қўлланади. 

“Ўзбекистонлик икки астрономнинг номи астероидларга берилгани Ўзбекистон астрономияси учун қувончли ва фахрли воқеадир. Ўзбекистон Фанлар академияси ва Улуғбек номидаги Астрономия институти жамоаси Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхоновни ушбу юксак халқаро эътироф билан самимий муборакбод этади ҳамда уларга янги илмий натижалар, муваффақиятли кузатувлар ва келгуси тадқиқотларида улкан зафарлар тилайди”, дейилади ФА ахборотида. 

Маълумот ўрнида, бу икки олим NASA'нинг сайёравий модофаа тажрибаси доирасидаги фаол иштироки ва ҳиссаси учун NASA томонидан “Гроуп Ачиэвемент Аwард” мукофоти билан ҳам тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон илк космонавтини 2028 йилда космосга учириши маълум қилинганди. “Ўзбеккосмос” агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимовнинг сўзларига кўра, космонавтни тайёрлашда ҳукумат комиссияси бўлади ва номзодлар саралаб олинади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг