ИИВ Жарқўрғонда калтакланган суд ходимини айбдорга чиқарди

Жамият

image

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида судьялар обрўсизлантирилгани ва суд ходими калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. Бироз ўтиб, ҳолатга Бош прокуратура муносабат билдириб, вазият назоратга олинганини таъкидлади.

Эндиликда Ички ишлар вазирлиги суд ходими калтаклангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Унга кўра, Жарқўрғон тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган блок-постда 10 июль куни соат 09:50 ларда туман ҳокими З.Давлатов, туман прокурори Б.Ҳайдаров ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.Хидиров томонидан ички ишлар органлари ва хизматга жалб этилган бошқа ходимларнинг фаолияти мувофиқлаштирилаётган бўлган. Шу вақтда ушбу Жиноят ишлари бўйича туман судига қарашли Nexia-3 русумли 75/530/YAA давлат рақамли хизмат автомашинасини ҳайдовчи Р.Р. блок-постга қарама-қарши йўналишда бошқариб келганлиги сабабли, туман ҳокими ва постда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари мазкур автотранспортни йўлнинг қатнов қисмидан четга олишни талаб қилган. Ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай автомашинани йўлдан олмаслигини, келган жойида туришини айтиб, 20-25 дақиқа давомида автомашинани тўхтатиб қўйиши оқибатида, постда сунъий тирбандлик юзага келган.

Шундан сўнг, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ҳайдовчи Р.Р. соат 10:30 ларда туман ИИБга олиб борилиб, соат 11:00 ларда туман ИИБдан чиқариб юборилган.

Шу куни ҳайдовчи Р.Р. ўзига тан жароҳати етказилганлиги важи билан туман шифохонасига мурожаат қилган, шифохонанинг бу ҳақидаги хабарномаси туман ИИБга юборилиб, ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, хабарнома тегишлилиги бўйича туман прокуратурасига юборилган. Ҳозирги вақтда юзага келган ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилиб, иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Эслатиб ўтамиз, калтаклангани айтилган судга қарашли автомобиль ҳайдовчиси туман судьясини олиб кетаётган бўлган. Шундай вазиятда у қонунга зид ҳаракатланиши, етмаганига ИИБ ходимининг талабига бўйсунмслиги мумкинми? Ёки бўлмасам ИИВ “энг яхши ҳимоя – ҳужум” қабилида иш тутиб, айбни суд ходимига ағдариб қўя қолдими?


Мақола муаллифи

Теглар

судья Жарқўрғон

Баҳолаганлар

975

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг