ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 22 минг доллар олган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
16 Июль
5950Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирда жойларда олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Билдирилишича, ДХХ ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Қарши инновацион таълим университети мутахассиси 3 нафар фуқарони Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига мазкур олий таълим муассасасидаги танишлари орқали ҳар бирини 4 минг АҚШ долларидан, жами 12 минг АҚШ доллари эвазига 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у 11700 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан 3500 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Бошқа ҳолатда эса Урганч ихтисослаштирилган санъат мактабининг бўлим бошлиғи Боғот туманида яшовчи фуқарога танишлари ёрдамида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўқишга кириши учун йўлланма олиб бериш ва амалий имтиҳонда кўмаклашиш эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Аммо, у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ танишлари ёрдамида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиалига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган шахс ушланиб, унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда ушбу университетнинг Нукус филиали директори ўринбосари Р.Х. фуқаро С.С.ни ўқишга киритиб қўйиш учун 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинганди.