ИИБдан ўлиги чиққан фермер иши бўйича якуний маълумот берилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилгани, уйи эса ёқиб юборилгани хабар қилинганди. 25 февраль куни эса мазкур иш доирасида терговга жалб қилинган 50 ёшли фермер Тоҳиржон Ҳайитов ўлик ҳолда оиласига топширилганди. Кейинроқ Тоҳиржон Ҳайитов юрак хуружидан вафот этгани ва унинг ўлими бўйича прокуратурага сўров киритилгани айтилди. Мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) якуний маълумот берди.

Омбудсманга тақдим этилган якуний маълумотларга кўра, фуқаро Тоҳиржон Ҳайитовнинг жорий йилнинг 25 февраль куни Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмасида вафот этгани ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланган.

Суд-тиббий экспертизасининг жорий йилнинг 17 март кунидаги хулосасига кўра, Тоҳиржон Ҳайитовнинг ўлимига гипертония касаллиги сабабли юрак ўнг қоринча олд деворида мавжуд бўлган кардиосклероз ўчоқ соҳасидан ёрилиши, юрак тампонадаси, яъни юрак халтасининг қон ва қон лахталари билан тўлиши ва юракнинг юрак халтасида сиқилиши оқибатида келиб чиққан. Шунингдек, хулосада марҳумнинг танасида тан жароҳатлари ва унинг қолдирган излари йўқлиги кўрсатилган. 

Текширув натижасига кўра, мазкур ҳолатда бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли жорий йилнинг 25 март куни Жиноят процессул кодекснинг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Маълумот учун, 15 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилган, уйи эса ёқиб юборилган. 23 февраль куни тахминан 12:00 ларда мазкур иш доирасида Тоҳиржон Ҳайитов Узун туманидаги яшаш уйидан терговга олиб кетилган. Орадан икки кун ўтиб, 25 февраль куни у ўлик ҳолда оиласига топширилган. Ҳайитовнинг жасади Сариосиё туманидаги ўликхонадан топилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган 50-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Т.И. колония ходимлари томонидан қийноққа солиниб, сўнг асоссиз равишда интизомий бўлинмага жойлаштирилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё ИИБ Узун тумани ўлик Тоҳиржон Ҳайитов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг