Сурхондарёда ҳам ИИБдан ўлик чиққани айтилмоқда
3-саҳифа
−
26 Февраль
19997Аввалроқ, 15 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилгани, уйи эса ёқиб юборилгани хабар қилинганди. 25 февраль куни эса мазкур иш доирасида терговга жалб қилинган 50 ёшли фермер Тоҳиржон Ҳайитов ўлик ҳолда оиласига топширилди. Бу ҳақда марҳумнинг ўғли QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унинг айтишича, Тоҳиржон Ҳайитов жорий йилнинг 23 февраль куни тахминан 12:00 ларда Сурхондарё вилояти Узун туманидаги яшаш уйидан терговга олиб кетилган. Орадан икки кун ўтиб, 25 февраль куни у ўлик ҳолда оиласига топширилган.
“Ушбу тергов давомида ҳеч қандай сабаб кўрсатилмаган холда отамни туҳмат ва бўҳтон билан қийноққа солишган ҳамда турли хил йўллар билан жиноятни бўйнига қўйишмоқчи бўлишган”, дейди Тоҳиржон Ҳайитовнинг фарзанди.
Фермернинг ўлими ҳақида унинг оила аъзоларининг ўзи жиддий қаршилик кўрсатмагунча маълум қилишмаган ва мутасаддилар марҳумнинг вафотига юрак хуружини сабаб сифатида кўрсатган. Шунингдек, жасаднинг ёрилишига қарамасдан, уларга ҳеч қандай экспертиза хулосалари тақдим этилмаган. Ҳайитовнинг жасади эса Сариосиё туманидаги ўликхонадан топилган.
“Отамни 2 кун ўтгач, кеча, 25 февраль куни юрак хуружидан вафот этди дейишди. Ваҳоланки отамнинг соғлиғи билан умуман муаммоси бўлмаган. Фермер одам, далада ўтар эди куни”, дейди отасининг соғлом бўлгани ва саломатлигидан ҳеч қачон шикоят қилмаганини айтган ўғил.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ икки кундан буён Ички ишлар вазирлиги, Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Бош прокуратурага сўров йўлламоқда, бироқ шунга қарамасдан мулозимлар сукут сақлашни афзал кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинги ҳафтада икки кун ичида жазони ижро этиш колониясидан 2 ўлик чиққани хабар қилинганди.
LiveБарчаси