Ички бозорларга 37,5 минг тонна пиёз киритилиши айтилди
Жамият
−
28 Январь 2023
6352Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёзни 1 апрелга қадар ички бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгиланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Озиқ-овқат саноати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отажон Пирмонов маълум қилди.
23 январь куни ўтказилган мониторингларда сараланмаган пиёзнинг улгуржи нархлари ўртача 6500 сўмни, деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган махсус расталарда 5000 сўмни, савдо марказлари ва супермаркетларда 7700 сўмни ташкил этган.
Бунда, пиёзнинг улгуржи нархи 1 январь кунига нисбатан 2900 сўмга, махсус расталарда 2000 сўмга, савдо марказларида эса 3550 сўмга ошган.
Нархларнинг ошишига ҳаво ҳароратининг Ўзбекистон шароитида аномал совиши оқибатида деҳқонлар ихтиёридаги пиёзнинг устки қисми музлагани ҳамда айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилгани туфайли логистика нархларининг ошиши таъсир этган.
Мутахассислар фикрига кўра, маҳсулотни тўлиқ нобуд бўлишини олдини олиш мақсадида устки қисми музлаган пиёзни ҳаво мўътадиллашгунига қадар жойидан қўзғатмаслик керак.
Бугунги кун ҳолатига кўра, Ҳукумат қарорига мувофиқ ҳудудларда ташкил этилган захираларда 51 минг тонна, аҳоли хонадонларида 200 минг тонна пиёз захираси мавжуд.
Қайд этилишича, “Яшил йўлак” тамойили асосида ўтган 25 кунда жами 5 минг тонна пиёз ҳудудлараро интервенция қилинган.
Жумладан, Навоийда – 700 тонна, Наманганда – 630, Фарғонада – 430, Андижонда – 410, Жиззахда – 320, Бухорода – 310, Хоразмда – 300, Сирдарёда – 270, Тошкент шаҳрида – 240, Қашқадарёда – 180, Қорақалпоғистонда –180, Тошкент вилоятида – 150, Самарқандда – 140, Сурхондарёда – 75 тонна пиёз интервенция қилинган.