Тошкентдаги бирорта бозор ёпилмайди – Шавкат Умрзоқов
Жамият
−
14:45 970 2 дақиқа
Тошкент шаҳридаги бирорта бозор ёпилмайди ва ўз функциясини йўқотмайди. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов маълум қилди.
Унинг айтишича, “Тошкент шаҳрини 2026-2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида учта аниқ йўналиш белгиланган: бозорларни модернизация қилиш, гавжум кўчаларни ривожлантириш ва автотураргоҳлар тизимини яратиш.
“Бозорлар энг оғир йўналишлардан бири. Халқимиз орасида “Бозор ва мозорга тегма”, деган нақл бор ва ушбу гапнинг ортида асосли хавотирлар ётибди. Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётгани жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади, аммо айтиш лозимки, ҳозирги бозорлар кўриниши билан ҳам, бизнес модели билан ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди. Шунинг учун 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилмоқда”, дейди ҳоким.
Унинг билдиришича, бирорта бозор ёпилмайди ва ўз функциясини йўқотмайди. Инвесторга учта қатъий шарт қўйилади: белгиланган ҳажмдаги савдо расталарини замонавий шаклда қуриб давлатга топшириш, мавжуд тадбиркорларнинг иш ўринларини сақлаш ва етарли сиғимдаги автотураргоҳ барпо этиш.
“Инвестор фақат самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, хизмат ва кўнгилочар объектлар қуриш ҳуқуқини олади. Экобозор бу модель ишлашини кўрсатди. Халқаро тажриба ҳам бор – Роттердамдаги Markthal ёки Лиссабондаги Time Out Market тарихий бозор функцияси сақланган ҳолда шаҳарнинг энг гавжум нуқталарига айлангани бунга мисол бўла олади. Бизнинг бозорларимиз ҳам миллий муҳитини сақлаган ҳолда айнан шундай ривожланиши керак”, дейди Шавкат Умурзоқов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги деярли барча бозорлар, жумладан, “Фарҳод”, “Ўрикзор”, “Қўйлиқ” ва “Ипподром” ҳамда шулар қатори яна 31 та бозор ва савдо комплекси ҳамда уларнинг шохобчалари сотувга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси