“Пиёз пишди, ғамлаб олиш керак”. Ўзбекистонда пиёз нархи нега ошгани айтилди
Local
−
12:45 752 5 minutes
Ўзбекистонда сўнгги кунларда пиёз нархи ошгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мамлакатда жорий йилда пиёз етиштириш ҳажми ички истеъмол талабидан юқори бўлиши кутилмоқда. Хусусан, республика бўйича 2026 йилда 1,5 миллион тонна пиёз етиштириш ҳисоб-китоб қилинган. Бу аҳолининг тиббий меъёрлар асосидаги истеъмол талабидан 400 минг тонна ёки 35 фоизга кўп.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 9 ойида 387,1 минг тонна пиёз етиштирилган. Унинг 120 минг тоннаси аҳоли истеъмоли учун ишлатилган, 46 минг тоннаси экспорт қилинган, қолган қисми эса республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб берилган.
Вилоятнинг тупроқ-иқлим шароити пиёзни, асосан, эртаки муддатларда, хусусан, апрель–май ойларида етиштиришга мослашган. Август–сентабр ойларида уруғдан, октабр–ноябрь ойларида эса “тўқсонбости” усулида пиёз уруғи ва кўчати экилади. Шунингдек, аҳоли хонадонларида қисман февраль–март ойларида ҳам пиёз экилиб, август–сентябрь ойларида ҳосили йиғиб олинади.
Ёзги вегетация давридаги юқори ҳароратнинг салбий таъсири сабабли октябрь–ноябрь ойларида пишиб етиладиган кечки пиёз катта майдонларда кам экилади.
Айни пайтда 2026 йил ҳосили учун етиштирилган пиёз далада қолмаган. Шу сабабли, Сурхондарё вилояти бозорларидаги талабни қондириш мақсадида Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан пиёз олиб келиниб, сотилмоқда.
Мазкур жараёнда транспорт-логистика харажатлари ҳам маҳсулотнинг якуний нархига таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, юк автомобиллари (фура ёки Isuzu) орқали Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан Сурхондарёга 1 килограмм юкни етказиб бериш харажати 350–370 сўмни ташкил этади. Масалан, 20 тонна юкни ташиш 7 миллион сўмгача, 10 тонна юкни ташиш эса 3,8–4 миллион сўмгача тушмоқда.
Айни вақтда Жиззах вилояти деҳқонларида пиёзнинг 1 килограмм харид нархи 2 600-3 300 сўмни, Самарқанд вилоятида эса 2 800-3 000 сўмни ташкил этмоқда.
Транспорт харажатлари қўшилганда тадбиркорлик субъектлари учун пиёзнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан олиб келинганда 2 950-3 650 сўмни, Самарқанддан олиб келинганда 3 150-3 350 сўмни, Денов туманигача етказилганда эса 3 400-3 500 сўмни ташкил этмоқда. Бугунги кунда Сурхондарё вилояти бозорларида пиёзнинг 1 килограмм чакана сотув нархи 4 000-4 500 сўм атрофида шаклланган.
Таҳлилларга кўра, айрим ҳолатларда маҳсулотнинг харид ва етказиб бериш таннархи билан бозордаги сотув нархи ўртасида сезиларли тафовут кузатилмоқда.
Жумладан, минимал тафовут ҳолатида пиёз деҳқондан 3 300 сўмдан харид қилиниб, 350 сўм транспорт харажати билан етказилганда унинг таннархи 3 650 сўмни ташкил этмоқда. Бозорда 4 000 сўмдан сотилганда фарқ 350 сўм ёки 9,6 фоизга тенг бўлади.
Максимал тафовут ҳолатида эса пиёз деҳқондан 2 600 сўмдан харид қилиниб, 350 сўм транспорт харажати билан етказилганда таннархи 2 950 сўмни ташкил этади. Маҳсулот бозорда 4 500 сўмдан сотилганда ўртадаги фарқ 1 550 сўм ёки таннархга нисбатан 52,5 фоизни ташкил қилмоқда.
Шунингдек, нархлар динамикаси таҳлилига кўра, 2025 йил ноябридан 2026 йил октябригача бўлган даврда республика бўйича 1 килограмм пиёзнинг ўртача чакана нархи 2 552 сўмни ташкил этган.
2026 йилда 1 гектар майдонда пиёз етиштириш бўйича ҳисоб-китобларга кўра, ўртача ҳосилдорлик гектарига 35 тоннани ташкил этади. Бунинг учун жами 65,5 миллион сўм харажат сарфланиб, 1 тонна пиёз етиштириш таннархи 1 миллион 870 минг сўмга тўғри келмоқда.
Жами харажатлар таркиби қуйидагича:
- меҳнат ҳақи ва унга қўшимча тўловлар – 26,5 миллион сўм (40,5 фоиз);
- минерал ўғитлар ва кимёвий ҳимоя воситалари – 15,8 миллион сўм (24 фоиз);
- уруғлик ёки кўчат хариди – 9,6 миллион сўм (14,7 фоиз);
- механизация хизматлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари – 8,2 миллион сўм (12,5 фоиз);
- ер ва сув солиғи, шунингдек, умумий ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа харажатлар – 5,4 миллион сўм (8,3 фоиз).
Пиёз нархининг ошишига маҳсулот етиштиришнинг мавсумий хусусияти, бошқа вилоятлардан ташиб келиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, ёқилғи-мойлаш материаллари нархининг ҳамда транспорт-логистика хизматлари қийматининг юқорилиги каби омиллар таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, олиб-сотар тадбиркорларнинг савдо маржаси 25 фоиздан 50 фоизгача етаётгани ҳам нарх шаклланишида муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
Шу билан бирга, айни пайтда республика ҳудудларида 2026–2027 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун жами 102,8 минг тонна пиёзни захирага жамғариш ишлари ташкил этилмоқда. Шундан 2 750 тоннаси Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, аҳоли ўртасида “пиёз пишди, ҳозир арзон, ғамлаб олиш керак” деган кайфиятнинг мавжудлиги ҳам маҳсулотга бўлган талабнинг ортиши ва нархлар кўтарилишига таъсир кўрсатмоқда.
“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда пиёз етиштириш ҳажми ички истеъмол талабидан 35 фоизга кўп. Бугунги кунда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва водий вилоятларида пиёзни далалардан йиғиб олиш ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, шунингдек, захирага жамғарилган маҳсулотларни ички бозорга интервенция қилиш ҳамда арзонлаштирилган нархларда махсус савдо расталари орқали сотиш имкониятлари мавжуд. Бу чора-тадбирлар ички бозорда пиёз нархини барқарор сақлаш ва унинг асоссиз ошишининг олдини олишга хизмат қилади.
“Шу ўринда пиёз нархини спекулятив ҳаракатлар орқали сунъий равишда оширишга уринаётган айрим шахслар ва тадбиркорларни ҳам огоҳлантирамиз. Деҳқон ва тадбиркорларни маҳсулотни қимматроқ сотиш мақсадида бозорга чиқармасдан ушлаб туришга ундаш иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқламайди. Чунки пиёз маълум муддат сақланиши натижасида вазнини йўқотиши, сифати бузилиши ва оқибатда маҳсулот эгасининг зарар кўришига олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш, аҳоли эҳтиёжларини қондириш ҳамда мавжуд ҳосилни самарали реализация қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидламоқда.
Live
All