Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 10 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқот чоғида маълум қилинди.

“Мен бир гапни такрор айтишдан чарчамайман. Илм ва изланиш бўлмаган соҳада ривожланиш ҳам, юксалиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди”, деди давлат раҳбари. 

Бугун аграр соҳада 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория, уларда жуда катта салоҳиятга эга юзлаб олим ва илмий ходимлар фаолият юритмоқда. Мазкур салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун “илм-фан – таълим – ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлайдиган Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади. 

Ўтган йилда 4 та институт негизида Қишлоқ хўжалиги кадрларининг малакасини ошириш институти ташкил этилган эди. Ушбу институтда йилига 8 мингдан ортиқ соҳа вакиллари, хусусан, фермер, деҳқон ва кластерлар ходимлари замонавий агротехнологиялардан фойдаланишга ўқитилади. 

Мутасаддиларга Голландия, Испания, Италия, Туркия ва Хитойдан малакали агрономларни олиб келиб, деҳқон ва фермерларни янгиликларга доимий ўқитиб борадиган тизим қилиш топширилди. 

Бундан ташқари, пахта-ғалла йўналишидаги энг илғор 200 нафар фермер, мева-сабзавот йўналишидаги энг миришкор 200 нафар боғбон ва деҳқон, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги энг фаол 100 нафар экспортчи Хитой, Туркия, Голландия, Франция каби давлатларга юборилиб, ўқитилади. Ушбу 500 нафар фермер, боғбон ва экспортчиларнинг йўлкира ва меҳмонхона харажати тўлиқ қоплаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, кейинги йил Ўзбекистонга Хитойдан 50 дан ортиқ замонавий агродрон олиб келиниши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг