Россия Киевдаги бозорга зарбалар берди. Қурбонлар бор

World

−

image

Россиянинг Украинага қилган ҳужумлари оқибатида Суми ва Харкив шаҳарларида уч киши, Киев яқинидаги бозорга зарба берилиши натижасида эса яна икки киши ҳалок бўлди, шунингдек, пойтахт Киевнинг турли ҳудудлари ҳам ҳужумга учради. Бу ҳақда мамлакат расмийлари хабар берди.

Украина прокуратурасининг маълум қилишича, Киевнинг ғарбий чеккасидаги Софийска Боршчагивка ҳудудида жойлашган бозорга дрон зарбаси берилган. Ҳужум оқибатида икки 2 ҳалок бўлган, тахминан 10 киши жароҳатланган.

Интернетда тарқалган кадрларда бозордаги иншоотлар ва транспорт воситалари ёнгани, ҳудудда вайроналар сочилиб ётгани акс этган.

Киев мэри Виталий Кличко пойтахтдаги ҳужумлар оқибатида 9 киши, жумладан 1 бола жароҳатланганини маълум қилди. Уларнинг 6 нафари шифохонага ётқизилган.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳужумларни танқид қилиб, тинч аҳоли нишонга олинганини “терроризм” деб атаган.

“Россиянинг буни амалга оширишдан ҳеч қандай ҳарбий мақсади йўқ. Бу фақат одамларни синдириш ва жамиятимизга имкон қадар кўпроқ зарар етказишга уриниш” деб ёзди Зеленский X ижтимоий тармоғида.

Украинанинг Россия билан чегара яқинида жойлашган Суми шаҳрида оилавий қўллаб-қувватлаш маркази яқинига учта бошқариладиган авиабомба тушган. Вилоят губернатори Олег Григоровнинг маълум қилишича, ҳужумда 2 киши ҳалок бўлган.

Харкивда эса дрон автомобилни урган ва оқибатда унинг ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Киевда дрон шарқий ҳудуддаги кўп қаватли турар жой биносига урилиб, ёнғин келиб чиққан. Шунингдек, икки туманда болалар боғчаси ва ўйин майдончаси яқинига дронлар тушган. Айрим ҳудудларда вайроналар қайд этилган.

Зеленский Россия 27 сентябрга қадар бўлган даврда Украина ҳудудига турли турдаги 277 та зарба берувчи дрон учирганини айтди. Уларнинг 155 таси реактив двигателли дронлар бўлган.

Россия кучлари сўнгги ҳафталарда Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига асосан тунги эмас, деярли кун бўйи давом этадиган ҳужумларни амалга оширмоқда.

Икки томон ҳам уруш давомида тинч аҳоли нишонга олинаётганини рад этиб келади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends