Гулжаҳон Йўлдошеванинг суди: Марҳумнинг рафиқаси Йўлдошевага енгиллик берилишига қарши чиқди
Жамият
−
04 Декабрь 2020
32400Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Жиноят ишлари бўийча Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича суд мажлиси бошланган эди. Бугун, 4 декабрь куни ушбу суднинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова суд залидан хабар бермоқда.
6 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг қарори билан Гулжаҳон Йўлдошевага қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган ва унга бир қатор чекловлар – уйдан чиқмаслик, бегона шахслар билан мулоқотда бўлмаслик, телефон ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслик белгиланган эди.
Бугун, 4 декабрь куни ўтаётган суд мажлисида Йўлдошева ўзига белгиланган уй қамоғи эҳтиёт чорасининг шартларини енгиллаштиришни сўради ва бунга бир қатор сабабларни келтирди.
У бир неча кун аввал кенжа фарзанди пневмония билан касаллангани, уй қамоғининг кескин шартлари сабаб тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиши учун ҳам терговчидан рухсат олиши керак бўлгани, тез тиббий ёрдам уйга келгач, болани ва уни шифохонага олиб кетиши керак бўлгани, бола билан бориши учун эса маҳалла профилактика инспекторининг иштироки кераклиги, ўша куни профилактика инспекторини анча кутиб қолгани ва бу орада 4 соат вақт йўқотилганини маълум қилди. У бугунги кунда, ҳатто, болаларни сайрга олиб чиқиш учун ҳам рухсат йўқлигини, турмуш ўртоғи эса эрталабдан кечгача ишда эканлигини қўшимча қилди.
Судда сўзга чиққан Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Ахроров мижозига енгиллик берилишини сўради.
“Уларнинг 6 нафар фарзандлари бор. Каттаси 12, кенжаси 2 ёшда. Бундан ташқари, тергов ҳибсхонасида сақланиш чоғида ва коронавирус хасталигини бошдан ўтказгани боис ҳозир саломатликлари жиддий ёмонлашган. Бу эса судда иштирок этишларига мойиллик қилиши мумкин. Шу боис уларга қўлланилган эҳтиёт чорасини муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат билан ўзгартиришингизни сўрайман”, дейди адвокат.
Суд Гулжаҳон Йўлдошеванинг илтимоси юзадан давлат айбловчилари – прокурорларнинг фикрларига ҳам қулоқ тутди.
“2020 йилнинг 9 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 6 октябрь куни ушбу эҳтиёт чораси уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартирилган. Ҳозирда эҳтиёт чорасини ўзгартиришга асос йўқ деб ҳисоблаб, илтимосномани рад этишингизни сўрайман”, дейди давлат айбловчиларидан бири.
Иккинчи прокурор ҳам ҳамкасбининг фикрларини тасдиқлаб, суддан Йўлдошеванинг илтимосини рад этишни сўради.
Шунингдек, судга раислик этувчи Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволаниб, сўнг Руҳий-асаб касалликлари диспансерида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамовага сўз берди. Марҳумнинг беваси суддан Гулжаҳон Йўлдошеванинг илтимосини рад этишни, уй қамоғи эҳтиёт чорасини ўзгартирмасликни сўради.
Суд ҳайъати маслаҳатлашувга кирди. Жараён давом этмоқда.
Йўлдошева иши
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.
Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.
LiveБарчаси