Гулнора Каримованинг пуллари Ўзбекистонга қайтарилгач, нималарга сарфланади?
Бу қизиқ
−
17 Август 2022
25634Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг ноқонуний йўллар билан орттирган ва Швейцария банкларида сақланаётган 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари Ўзбекистонга қайтарилгач, ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан берилган баёнотда айтилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий вакилининг Нью-Йоркда ўтган брифингда айтишича, маблағлар Ўзбекистонга бир неча транш шаклида келади.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим қуйидаги принципларга эга:
• очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш,
• ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;
• қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;
• Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова жорий йилнинг 8 июль куни 50 ёшни қаршилади. Унинг ўғли Ислом Каримов Лондонда истиқомат қилмоқда. У уйланган, бир нафар фарзанди бор. Қизи Имон Каримова ҳам Лондонда ўқишни давом эттирмоқда ва у баъзан Ўзбекистонга келиб туради. Имон Каримова бувиси Татьяна Акбаровна Каримова ва холасининг қизи Марям Тилляева билан узилиб кетган муносабатларни тиклаган.
Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонни тарк этган. У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган. Биринчи Президентнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда ёлғиз истиқомат қилмоқда. У 26 август куни 74 ёшни қаршилайди.
LiveБарчаси