Грузияда Ўзбекистон элчихонаси очилади

Жамият

image

Бугун, 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари учрашув аввалида Ўзбекистон Президентининг Грузияга йигирма йилдан ортиқ даврда биринчи марта амалга оширилаётган ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон – Грузия муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Барча даражалардаги мулоқотлар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Томонлар ҳукуматлар, парламентлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол алоқаларни ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган.

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларни ташкил этган, жорий йил бошидан буён эса 100 миллион доллардан ошган. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш, савдодаги номутаносибликни бартараф этиш, саноат кўргазмаларини ўзаро ўтказиш орқали икки мамлакат ўртасида талаб юқори бўлган маҳсулотларни етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.

Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ушбу муҳим йўналиш салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон юкларини ташишда Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан фаол фойдаланиш чораларига алоҳида эътибор қаратилган. Грузияда логистика хабини, унда эса саноат зонаси ва Ўзбекистон маҳсулотлари учун шоурум ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланган.
 
Ўзбекистон раҳбари “Баку – Тбилиси – Карс” темир йўлининг ишга туширилганини олқишлаган. Уни барпо этилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл магистрали билан боғлаш масаласини ўрганиш таклиф этилган.
 
Саноат кооперацияси ҳамкорликнинг алоҳида устувор йўналиши сифатида белгиланган. Куни кеча ўтказилган қўшма бизнес форуми натижаларига юксак баҳо берилган. Унинг якунлари бўйича 2027 йилгача мўлжалланган Кооперация дастури имзоланган.

Қишлоқ хўжалиги, электротехника ва энергетика тармоқлари, фармацевтика, озиқ-овқат ва енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва девелопмент, рақамлаштириш, ахборот технологиялари, рақамли банк ҳамда туризм соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган. Лойиҳавий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинган.

Маданий-гуманитар алоқалар фаол кенгаймоқда. Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилган.

Ўзбекистон Президенти Грузия томонига Тбилисидаги боғлардан бирига буюк шоир Алишер Навоий номини беришга қарор қилгани учун миннатдорлик билдирган.

Жорий йилда Ўзбекистонда қўшма таълим ва туризм форумларини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Музокаралар натижасида эришилган келишувлар ижросини таъминлашга қаратилган қўшма “йўл харитаси” тайёрланади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев айни пайтда давлат ташрифи билан Грузияда бўлиб турибди. Кеча, 2 июль куни Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтганди. Шунингдек, Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг