Ўзбекистон ва Грузия Президентлари музокара ўтказди
Жамият
−
02 июл 793 2 дақиқа
Бугун, 2 июль куни Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Грузия кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Давлат раҳбари Грузия Президентига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу мамлакатга давлат ташрифи сўнгги 23 йилда илк бор амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаган.
Парламентлар, ҳукуматлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.
Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етган, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ортиб бормоқда. Ўзбекистонда Грузиянинг биринчи рақамли банки – “TBC” муваффақиятли фаолият юритмоқда. Тошкент билан Тбилиси ва Батуми шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахтида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилган.
Ўзаро савдо ҳажмини, жумладан, Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янада ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилган.
Фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида кооперацияни ривожлантириш учун имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.
Ишбилармонлик, туристик ва гуманитар алмашинувларни йўлга қўйиш учун ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Михаил Кавелашвилини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилиси шаҳрида Грузия Президентининг қароргоҳи – Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси