Германияда икки ўқувчи маймунчечакнинг хавфли штамми билан касалланди
Олам
−
17 Декабрь
860Германияда Mpox вирусининг Ib штамми билан касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Германиянинг Кёльн шаҳри яқинида жойлашган мактабда икки ўқувчидан ушбу вирус аниқланган. Шу сабаб мактаб карантинга олинган. Бу икки бола билан бирга оиланинг яна икки аъзоси ҳам Mpox вирусининг Ib штаммига чалинган. Тахминларга кўра, касалланган ўқувчининг оила аъзоларидан бири Африкага сафар қилганида касалликни юқтириб олган ва тарқатган. Ҳозирда тўрт кишининг барчаси карантинда сақланмоқда.
Берлиннинг Robert Kox институти (RKI) Германияда Mpox вирусининг хавфли штамми билан касалланиш хавфини “паст” деб баҳоламоқда. Институт вакиллари “Mpox'ни тарқатиш учун яқин жисмоний алоқа зарур” деб таъкидлади. Шунингдек, тиббиёт ходимлари вазиятни диққат билан кузатаётганини ва зарур бўлса, баҳолашни ўзгартиришга тайёр эканини қўшимча қилган.
Бу Германийда Mpox вирусининг Ib штамми билан касалланишнинг биринчи ҳолати эмас, 2023 йилнинг октябрида Кёльнда касаллик қайд этилган. Ушбу шахс ҳам Африкада касалликка чалинган ва карантинга олинган.
Маълумот учун, дунёдаги биринчи Mpox касаллиги 1970 йилда Конгода аниқланган. Шундан буён, асосан Африка мамлакатларида, лекин 2022 йилдан бошлаб дунёнинг бошқа қисмларида ҳам ушбу касалликнинг тарқалиши кузатилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 2022 йил январидан 2024 йил августигача дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакатида 100 мингдан ортиқ касаллик ҳолатлари аниқланган.
Ib штамми бошқа Mpox вирусларига қараганда кўпроқ юқумли бўлиб, ўлим ҳолатларининг кўпайишига олиб келади. 2024 йилнинг бошида бу штамм Африка бўйлаб тарқалишни бошлаган ва янги эпидемияни келтириб чиқарган. 17 август куни Африка Иттифоқи Соғлиқни сақлаш агентлиги 2024 йил бошидан бери қитъадаги 12 мамлакатда 18 мингдан ортиқ Mpox касаллиги ҳолатлари аниқланганини, 541 кишининг вафот этганини маълум қилган. Шундан сўнг ЖССТ бу ҳолатни глобал жамоат соғлиғига таҳдид деб эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймунчечак (Mpox) вирусига қарши яратилган иккинчи вакцинани тасдиқлаганди. Япониянинг “KM Biologics” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу эмлаш воситаси “LC16m8” деб номланади. Шу йил сентябрь ойида фойдаланиш учун рухсат этилган Даниянинг “Bavarian Nordic A/S” компаниясига тегишли “MVA-BN” номли илк эмлаш препарати 18 ёшдан ошганларда қўллашга мўлжалланган эди. Японияда ишлаб чиқарилган янги вакцинани эса нафақат катталар, балки бир ёшдан ошган болалар ҳам фавқулодда ҳолатларда қабул қилиши мумкин.
LiveБарчаси