Писториус ҳам Украинага немис ҳарбийларини юборишни истисно этмади

Олам

image

Германия Мудофаа вазири Борис Писториус яна немис қўшинларининг Украинадаги эҳтимолий “тинчликпарварлик миссияси”да иштирок этишини истисно қилмади, бироқ улар можаро давом этаётган пайтда у ерда бўлмаслигига ишонтирди. Бу ҳақда у "Funke" медиа гуруҳига берган интервьюсида маълум қилди.

"Мен бир нарсани аниқ айтмоқчиман: уруш тугамагунча, Украина тупроғида немис аскарлари бўлмайди. Қачон сулҳ ёки тинчликка эришилади ва бу қандай бўлиши аниқ бўлганда савол берилади. Украина ва Россия бу борада учинчи томон иштирокида келишиб олиши керак. Масалан, бу чегара чизиғи, буфер зонаси ёки қуролли кучлар тинчликни таъминлайдиган тинчликни сақлаш зонаси бўладими? Кўриб турганингиздек, бу масала бўйича бирон бир баёнот бериш учун жуда кўп очиқ саволлар мавжуд. Лекин шуниси ҳам аниқки, Германия Европадаги энг йирик НАТО давлати ва Европанинг энг йирик иқтисодиёти сифатида унга бефарқ қараб туролмайди", деди Писториус.

Қайд этиш жоиз, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок НАТО ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида ўт очишни тўхтаган тақдирда Германиядан Украинага тинчликпарвар кучларни юборишни истисно қилмаганди. Унинг сўзларига кўра, НАТОга аъзолик кўринишидаги хавфсизлик кафолатлари билан бир қаторда “сулҳга риоя этилишини таъминлаш учун халқаро иштирок” ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Сиёсатчининг қўшимча қилишича, Германия тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни “бор кучи билан қўллаб-қувватлайди”.

Бироқ Германия канцлери Олаф Шольц Украинага немис қўшинларини юборишга қарши чиқди. У урушни тугатишни режалаштиришга ҳали эрта экани ва спекуляциялар “мутлақо ўринсиз”лигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижда 20 га яқин Ғарб давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Украинага Ғарб давлатларининг қуруқликдаги қўшинларини юбориш эҳтимоли мавзуси кўтарилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ўшанда иштирокчилар бу масала бўйича консенсусга кела олмаган, аммо келажакда бундай сценарийни истисно қилиб бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Украина Борис Писториус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг