Германия дипломатлари ҳам Жўлоний билан алоқа ўрнатди
Олам
−
18 Декабрь
1586Кеча, 17 декабрь куни Дамашқдаги немис дипломатлари илк бор “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаро (тахаллуси Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатди. Бу ҳақда бугун, 18 декабрь куни DPA агентлиги хабар берди.
“Муҳокамаларда асосий эътибор сиёсий ўтиш жараёни ва Сурияда тинч тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун озчиликлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича умидларимиз бўлди”, дейилади Германия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Аввалроқ ARD телеканалининг “Tagesschau” ахборот дастури ўз сайтида Суриядаги исёнчилар билан музокара олиб бораётган Германия делегациясига Германия ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўйича комиссари Тобиас Тункель бошчилик қилиши ҳақида хабар берган эди.
Шунингдек, ЕИ ва БМТ ҳам Сурияда Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг у ерда ҳокимиятни эгаллаб олган исёнчилар вакиллари билан алоқа ўрнатишга киришган. “Tagesschau”нинг ёзишича, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас шу мақсадларда Германиянинг тажрибали дипломати Михаэль Онмахтни Дамашққа юборган.
“БМТ Бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ҳам ал-Шаро билан музокаралар олиб борган”, дейилади хабарда.
Шу пайтгача Брюссель декабрь ойи бошида Асадни ҳокимиятдан ағдарган “Ҳаят Таҳрир аш-Шам” (ҲТШ) гуруҳи билан алоқаларни давом эттирмаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сингари, ЕИ ҳам ХТШни "террорчи ташкилот" деб эълон қилган ва унга қарши санкциялар киритган. Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ХТШ Муҳаммад ал-Баширни ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади ва дипломатларга кўра, у анча мўътадил позицияни эгаллайди. Ўз навбатида, АҚШ, Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо Франция ва Италия Дамашқ билан ўзларининг дипломатик алоқаларини эълон қилишди.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни Муҳаммад ал-Жўлоний Британия вакили Энн Сноу билан учрашиб, унга халқаро санкцияларни бекор қилиш зарурлиги ҳақида гапирганди. БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бош котиб ўринбосари Том Флетчер ҳам кеча, 17 декабрь куни Дамашқда Суриянинг янги раҳбарлари билан учрашувдан кейин "илҳомланганини" айтган ва "ҳаёт учун зарур бўлган гуманитар ёрдам кўламини сезиларли даражада кенгайтириш учун асос борлигини" таъкидлаган.
LiveБарчаси