Ғазода яна алоқа узилди
Олам
−
01 Ноябрь 2023
2955Ғазо секторида яна телекоммуникация ва интернет бутунлай узилди. Бу ҳақда Paltel телекоммуникация компанияси маълум қилди.
“Сизларга афсус билан маълум қиламизки, Ғазо секторида илгари уланган халқаро тармоқ қайта-қайта ўчирилгани сабабли барча алоқа ва интернет хизматлари бутунлай узиб қўйилди”, дейилади Paltel’нинг X ижтимоий тармоғидаги постида.
Маълумки, Ғазо Исроилнинг йирик зарбаларидан кейин алоқа ва интернет билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч кела бошлаган. Сектордаги асосий интернет провайдери NetStream ўз хизматларини кўрсатишни тўхтатган. Оқибатда Ғазода 27 октябрда интернет бутунлай узилиб қолган. Шундан сўнг Фаластин миллий маъмурияти Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан Starlink сунъий йўлдошлари ёрдамида Ғазо секторида алоқани тиклаш бўйича музокаралар бошлаганди. Жаҳон ташкилотлари Ғазо секторида қолганлар билан боғланиш имкони йўқлигидан хавотир билдиргач, 31 октябрь куни алоқа тикланди. Бироқ бу узоққа чўзилмади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Фаластин Журналистлари Иттифоқи Исроил интернет ва телефон алоқалари узилган Ғазо секторида журналистларга қарши “қирғин” уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Сўнгги маълумотларга кўра, 7 октябрдан бери блокада остидаги Ғазо секторида 38 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлган.