Исроилнинг Ғазога ҳужумлари кучайди

Олам

image

Исроил кеча, 27 октябрь куни кечқурун блокада қилинган Ғазо секторининг шимолидаги 150 та нишонга зарба берди. Бу ҳақда Исроил армияси баёнот берди. 

“Исроил армияси ҲАМАСнинг ер остида жойлашган нишонларига зарба берди”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, вайрон бўлган объектлар орасида ер ости туннеллари ва қанот инфратузилмаси ҳам бўлган. Шунингдек, ҲАМАСнинг кўп сонли аъзолари ўлдирилгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари “Шифа” ва Индонезия шифохонаси, Буриж қочқинлар лагери атрофига ҳам зарба берган.

Ғазо секторидан трансляция қилувчи “Al-Aqsa” телеканалининг хабар қилишича,  Исроилнинг кечқурун бошлаган бомбардимонлари тун бўйи давом этган.

Айтилишича, Исроил армияси танки Ғазо секторининг шимоли-шарқида танкга қарши ракеталардан ўққа тутилган. Ғазо секторининг турли ҳудудларида Фаластин қаршилик кучлари билан Исроил аскарлари ўртасида қуролли тўқнашувлар содир бўлган.

WAFA ахборот агентлигининг ёзишича, Исроил авиацияси Ғазо шарқидаги Ал-Шати ва Нусейрат қочқинлар лагерларига, шунингдек, Байт Лаҳия ва Байт Ханун ҳудудларидаги турар-жойларга ҳужум қилган.

Ғазо секторидаги йирик портлашлар фонида стационар ва мобиль алоқа, шунингдек, интернет бутунлай узилган. Электр йўқлиги сабабли фуқаро мудофаа гуруҳлари ва тез ёрдам машиналари бомбаланган ҳудудларга етиб бора олмаган, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақида маълумот ҳозирча мавжуд эмас.

Ўз навбатида, Фаластин Журналистлари Иттифоқи Исроил интернет ва телефон алоқалари узилган Ғазо секторида журналистларга қарши “қирғин” уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Аввалги оқшом Исроил армияси Ғазо секторининг шимолий қисмини бомбардимон қилган эди. Дастлабки зарбалар гаубицалардан берилган, кейин ҳужумга самолётлар ҳам қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҲАМАС ўз кучлари Исроил қўшинлари билан тўқнаш келганини маълум қилган ва Исроилнинг қуруқликдаги ҳар қандай босқинига қарши туришга тайёрлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг