Исроилнинг ҳужуми оқибатида 38 журналист ҳалок бўлди
Олам
−
01 Ноябрь 2023
2260Исроил-Фаластин можаросининг авж олган 7 октябрдан бери блокада остидаги Ғазо секторида 38 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин журналистлари иттифоқи Facebook’даги саҳифасида хабар қилинган.
Қайд этилишича, 25 нафар фаластинлик журналист ва 13 нафар матбуот ходими Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужумлари қурбони бўлган. Бундан ташқари, камида 35 журналистнинг уйи ўққа тутилган ва ўнлаб яқинларини йўқотган.
Уюшма ҳисоботида қайд этилишича, хотини ва болаларидан айрилган “Al Jazeera” ходими Ваил Даҳдуҳнинг уйига бомба қўйилгани тасодифий эмас.
Уюшма, Исроилнинг фаластинлик журналистларни нишонга олиш борасида систематик сиёсат олиб бораётганига диққат қаратиб, 2000 йилдан бери Исроил ҳужумларида 55 нафар журналист ҳалок бўлганини билдирди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябрь куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Иззаддин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилишлари ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлган фаластинликларнинг қарийб 70 фоизи аёллар ва болалардир. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошди.
БМТ Бош Ассамблеяси зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатишга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат овоз берди. Бироқ Исроил бу таклифни рад этди.
LiveБарчаси