“ГАИ”лар ушланг мени”. ЙПХ ходимларини ҳақоратлаган тиктокер қамалди (видео)
3-саҳифа
−
05 Июнь 2023
14215Самарқанд вилоятида тиктокер транспорт воситасини бошқариш давомида TikTok ижтимоий тармоғида жонли эфир қилиб, унда Самарқанд вилояти Йўл патрул хизматларига ҳақоратомуз сўзлар билан мурожаат қилган. Тиктокерга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур шахс жонли эфир вақтида ўзининг ҳуқуқбузарлик содир этганини ва уни қаердан топиш мумкинлигини айтган.
“ГАИ”лар ушланглар мени, 6 бакал пиво ичганман”, дейди тиктокер.
Бошқарманинг маълум қилишича, вилоят ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган 1998 йилда туғилган фуқаро топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Тиктокер қилган хатти-ҳаракатларига оид тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиши учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилган.
“Ўзимнинг шахсий автомобилимда Ўзбекистон Республикаси ЙПХ ходимлари ҳақида озгина салбий фикрлаб, нотўғри гапириб қўйгандим. Айбимга тўлиқ иқрорман. Ўзбошимчалик қилиб, машинамнинг тўртта ойнасини “тонировка” қилдиргандим. Ҳужжатлари йўқ эди. Айб ўзимдан ўтганини тан оламан. Бу учун барча ЙПХ ходимларидан узр сўрайман. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман”, дейди у.
Билдирилишича, тиктокер йил бошидан бери 18 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган. Унга нисбатан суд органлари томонидан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Бобур Мансуров томонидан қизларни масхара қилиб олинган нам салфеткалар рекламаси ҳақидаги видео қонунчиликка зид деб топилган эди. Блогернинг ушбу видеоси ўчиртирилган, унинг ўзи эса видеони намойиш қилишда хотин-қизларни камситиш мақсади бўлмаганини таъкидлаганди.
Шунингдек, яна бир инстаблогер Дониёр Қаюмовга ўз саҳифасида эълон қилган видеоларидан бирида аёлларга нисбатан зўравонликни тарғиб қилгани учун 6 млн сўм жарима жазоси тайинланган эди.
LiveБарчаси