11 ёшли болага рулни берган ота жавобгарликка тортилди (видео)

3-саҳифа

image

Андижон вилоятида ота вояга етмаган 11 ёшли фарзандига автомобилни бошқаришга берди. ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатиб, текширилганда боланинг отаси орқа ўриндиқда, укаси эса олд йўловчи ўриндиғида кетаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 13 июль куни Асака тумани Янгисор маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан қайд этилган. Spark русумли автомобил тўхтатилганда рул бошқарувида 11 ёшли бола бўлган. Олд йўловчи ўриндиғида унинг укаси, орқа ўриндиқда эса отаси ўтиргани аниқланган.

Ота эса ўғли Яҳёбек машинани бошқариб кетаётганини, ўзи орқа ўриндиқда бўлганини айтиб, бу ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдирган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга автомобилни бамайлихотир топширган отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шунингдек, рейд давомида яна бир қоидабузарлик ҳам фош этилган. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган йигит онасига тегишли автомобилни унинг рухсатисиз бошқариб кетаётгани аниқланган. Йигитнинг айтишича, онаси ухлаб ётган вақтида машинани олиб чиқиб кетган.

Бундан ташқари, маст ҳолатда автомобил бошқарган ҳайдовчининг транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, рейдлар бошланганидан буён турли қоидабузарликлар сабаб 4 мингдан ортиқ автомобил жарима майдонига олиб кирилган.

Шунингдек, аниқланган қоидабузарликлар орасида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган 150 нафардан ортиқ шахснинг рулга ўтиргани, 400 дан зиёд ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобил бошқариш ҳолати, қарийб 100 та рухсатсиз ойна қорайтириш ҳамда 80 га яқин маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолати бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда машинани ҳайдаб, йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқарган тўққизинчи синф ўқувчисининг отаси жавобгарликка тортилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг