Блогер Бобур Мансуровнинг қизларни масхара қилиб олган видеоси ўчиртирилди
Маданият-санъат
−
13 Апрель 2023
28029Блогер Бобур Мансуров томонидан олинган нам салфеткалар рекламаси акс этган видео қонунчиликка зид деб топилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, рекламада – жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш, миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Қўмита томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, реклама воситалари орқали жойлаштирилаётган товар (иш, хизмат) рекламасида маънавиятга тўғри келмайдиган, миллий ва оилавий анъаналарга масхараомуз, кинояли оҳангда ёндашилган иборалардан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бундай рекламалар фуқаролар ва интернет фойдаланувчиларининг турли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
“Шундай экан, реклама ва ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди”, дейилади қўмита хабарида.
Таъкидланишича, қўмита томонидан ушбу реклама бартараф этилиб, видеоролик намойиши тўхтатилган. Шунингдек, блогер Бобур Мансуров билан ўтказилган суҳбат давомида, у ушбу видеороликни намойиш қилишда хотин-қизларни камситиш мақсади бўлмаганини таъкидлаган.
Маълумот учун, мазкур видеода қизлар нам салфеткада юзини артиши оқибатида хунук бўлиб кетиши саҳналаштирилган.
LiveБарчаси