ФВВ ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берди

Жамият

image

2024 йил бошидан ҳозиргача 32 тадан кўп ис гази чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича жорий йилнинг 7 ноябрь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида маъум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йилда ис гази билан боғлиқ бўлган 84 та ҳолат 120 нафардан кўпроқ одамнинг ўлимига олиб келди. 2023 йилда шу каби 46 та ис гази чиқишига алоқадор ҳолат рўй берди.

Таҳлилларга кўра, ҳудудларда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

  • газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш ва ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.

Ёнғинларнинг 40 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 24 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 14 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 10 фоизи болалар шўхлиги оқибатида ҳамда бошқа сабабларга кўра содир бўлган.

Айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан ва аянчли оқибатларга олиб келган.

Вазирлик, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида қуйидагиларга риоя қилишни сўради:

  • ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланмаслик;
  • электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш;
  • иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик;
  • газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик;
  • газ жиҳозларини газ таъминоти идоралари мутахассисларидан тафтишдан ўтказиш;
  • газ ускуналарини тартиб-қоида билан улаш;
  • ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик;
  • газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланиш.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида жорий йилнинг 18 октябрь куни ҳомиладор аёл, унинг турмуш ўртоғи ҳамда уларнинг яна бир қариндоши ис газидан вафот этганди. Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ота ва унинг ўғли ис гази қурбонига айланганди. Андижон вилоятида эса бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ис гази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг