Фуқароларни ноқонуний йўл билан АҚШга жўнатмоқчи бўлганлар қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
05 Апрель
4489Фуқароларни Мексика давлати орқали ноқонуний йўллар билан АҚШга жўнатишни ваъда қилиб, улардан пул олган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Марҳамат туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Асака туманида истиқомат қилувчи фуқарони Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 19 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, 15 минг АҚШ долларидан 6 минг АҚШ долларини олган вақтида мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган, Марҳамат туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинган.
Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Нурота туманида истиқомат қилувчи фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Жиззах шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган шахс 15 минг АҚШ доллари эвазига Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқарони Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 12 минг АҚШ доллари ва 6 млн сўм олган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган аёл Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқарога виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уни “Туркия-Никарагуа-Мексика” йўналиши орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 9 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ортга қайтарилган эди. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси эса Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирди.