АҚШ элчихонаси ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
04 Март
38848Кеча, 3 март куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирди.
Қайд этилишича, 3 март куни АҚШ Ўзбекистонга навбатдаги репатриация рейсини амалга ошириб, океан ортида қолишга қонуний рухсати бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг катта қисмини ортга қайтарган. Бу парвоз Ўзбекистон фуқароларининг АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтишига қарши АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилган чора-тадбирларнинг сўнггиси ҳисобланади.
"Қўшма Штатларга ноқонуний миграция хавфли ва серхарж уринишдир. Биз Ўзбекистон фуқароларини одамларни товар сифатида кўрадиган жиноий гуруҳлар ёлғон ваъдаларига ишониб, жабрдийда бўлиб қолишдан огоҳлантирамиз. АҚШга саёҳат қилишни хоҳловчиларни хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирамиз", дейилади элчихона баёнотида.
АҚШ ўз ҳамкорлари билан хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларини татбиқ этган ҳолда, мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни депортация қилиш ишларини давом эттиришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ортга қайтарилган эди.