АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ортга қайтарилди
Олам
−
04 Март
8655Кеча, 3 март куни АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда UzReport телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонга қайтарилганларнинг кўпчилиги Мексика орқали Америкага ўтган. Шунингдек, бир қанча бошқа давлатлар орқали борган фуқаролар ҳам бор. Улар АҚШ ҳудудига киргунича турли қийинчиликларга дуч келган.
"Багажимни йўқотиб, тўсатдан Мадридга учганман. Ушбу шаҳарда билет йўқолиб қолиб, 14 кун давомида 400 та ўзбек Мадридда "хор бўлган". Шу ердан Туркияга депорт қилинганмиз. Кейинчалик Гватемалага бордик ва яна ҳаракат қилиб кўрдик. 2 марта чегарадан қайтарилиб, иммиграцион жойда 2 сутка ётганман. Венесуэла фуқаролари билан "пешком" 3 кун юрганмиз. У ерда ҳам қочдик, юрдик, ўликларни ҳам, ҳамма нарсани кўрдик. Маслаҳат бермайман, Америка шунчаки реклама. 10 минг АҚШ долларига яқин пулим кетди. Июлда уйимдан чиққан бўлсам, август ойида мен ушбу давлатга етиб бордим. Лекин ишлай олмадим. Пул сарфлаб, сарфлаб қайтдик. Бормоқчи бўлганларга маслаҳатим борманглар. Бу шунчаки реклама. Касаллик орттириб қайтасиз. Ҳаммаси ёлғон", дея таъкидлайди мамлакатга қайтарилганлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ноқонуний йўллар, хусусан Мексика чегараси орқали АҚШ чегарасини босиб кирмоқчи бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқиб, улар қўйиб юборилмаслиги, аксинча, иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланишини маълум қилганди. “Fox News” телеканали эса АҚШ чегара хизматидаги манбага таяниб, 18 декабрь куни Мексикадан бир кун ичида рекорд даражада кўп (12,6 мингдан ортиқ) одам АҚШ билан чегарани кесиб ўтишга уринганини хабар қилганди. 20 декабрда АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 119 нафар ўзбекистонлик ортга қайтарилди.
Олдинроқ “Daily Mail” нашри Марказий Осиё давлатларидан 2023 йилда 50 мингдан ортиқ одам АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани, 17 минг ўзбекистонлик АҚШда бошпана бериш бўйича суд жараёнини кутаётганини хабар қилди.
LiveБарчаси