Фронтдаги вазият боши берк кўчага киргани йўқ – Зеленский 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский фронтдаги вазиятни боши берк кўчада, деб ҳисобламайди. Бу ҳақда у кеча, 4 ноябрь куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан ўтказилган матбуот анжуманида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг “The Economist” журналига берган интервьюсини изоҳлаётганида айтиб ўтди.  

“Бу боши берк кўча эмас. Россия осмонни бошқаряпти. Буни қандай енгиш мумкин? F-16. Биз йигитларимиз уни бошқаришни ўрганиб, қайтиб келишини кутишимиз керак. Фронтда ҳаво ҳужумидан мудофаа мавжуд бўлганда, ҳарбийлар олдинга ўтади ва жиҳозлардан фойдаланади”, дейди Украина Президенти.

Шунингдек, Зеленский 2022 йилда ҳамма Украина қўшинлари боши берк кўчага кириб қолганига ишонганини эслатган. 

“Бир нечта ҳарбий ҳийла-найранглар ва кўриб турибсизки, Харков вилояти озод қилинди. Бизнинг таслим бўлишга ҳаққимиз йўқ. Бошқа муқобил йўл борми? Нима, давлатимизнинг учдан бир қисмини беришимиз керакми? Бу фақат бошланиши бўлади. Биз музлатилган можаро нима эканини биламиз, биз аллақачон ўзимиз учун хулосалар чиқарганмиз. Биз ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича ҳамкорлар билан кўпроқ ишлашимиз, осмонни тўсишимиз, жангчиларимизга ҳужумкор ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини беришимиз керак", дея таъкидлайди Зеленский.

Бундан ташқари, Президент Ғарб давлатлари унга Россия билан музокара бошлаш учун босим ўтказмаётганини айтган.

“Менинг муносабатимни ҳамма билади, бу Украина жамиятининг муносабати билан мос келади. Бугун ҳеч ким менга босим ўтказмаяпти. Буларнинг барчаси уруш бошида ва урушдан олдин содир бўлган. Бугун Европа Иттифоқи ёки АҚШ етакчиларининг ҳеч бири Россия билан ўтириб, гаплашиб, унга нимадир беришимиз учун бизга босим ўтказмаяпти – бу бўлмайди”, дея таъкидлайди Зеленский.

Маълумот учун, кеча, 4 ноябрь куни NBC телеканали манбаларга таяниб, АҚШ ва Европа Украина билан тинчлик музокаралари ўтказиш имкониятини муҳокама қила бошлагани ҳақида хабар берди. Манбаларнинг айтишича, суҳбатларда Киев келишувга эришиш учун нималардан воз кечиши мумкинлиги ҳақидаги умумий тафсилотларга эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрь куни “The Economist” журналида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг интервьюси чоп этилганди. Нашрнинг саволларига жавоб берар экан, у Россия билан уруш боши берк кўчага борганини ва Украинанинг ҳужуми йиллар давомида давом этиши мумкин бўлган хандақ урушига айланиб кетиши хавфи борлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг