Украинадаги уруш боши берк кўчага кириб қолган – Залужний
Олам
−
02 Ноябрь 2023
11655Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Валерий Залужний мамлакатдаги можаро боши берк кўчага кириб қолганини айтди. Бу ҳақда у Британиянинг “The Economist” журналига берган интервьюсида маълум қилди.
"Биринчи жаҳон урушидаги каби, биз ҳам ўзимизни боши берк кўчага солиб қўядиган технологик ривожланиш даражасига етдик. Катта эҳтимол билан, чуқур ва чиройли ютуқ бўлмайди", дейди Залужний.
Шунингдек, у бир мунча вақт Украина қуролли кучларининг жанговар зонадаги муваффақиятсизликлари сабабларини тушуна олмаганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, барча прогнозларга кўра, Украина аскарлари "Қримга етиб бориши, Қримда жанг қилиши ва Қримдан қайтиши" атиги тўрт ой ичида бўлиши керак эди.
Залужнийга кўра, унинг Россия қўшинларидаги кўп сонли қурбонлар орқали урушни тўхтатиш мумкин деган тахмини пучга чиққан.
“Бу менинг хатойим эди. Россияда камида 150 минг киши ҳалок бўлди. Бошқа ҳар қандай давлатда бундай қурбонлар урушни тўхтатган бўлар эди. Аммо инсон ҳаёти жуда арзон ва Жаноб Путин Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларида бўлганидек ўн миллионлаб одамларини йўқотишга ҳам рози”, дейди Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони.
Залужний фақат кескин технологик сакраш фронтдаги вазиятни Киев фойдасига ўзгартиришга ёрдам беришига ишонч билдирган.
“Фақатгина Хитой порохи билан таққосланадиган ихтиро Украина қўшинларининг боши берк кўчадан чиқишига имкон беради”, дея хулоса қилган ҳарбий раҳбар.
Маълумот учун, қарши ҳужумдан беш ой ўтгач, Украина бор-йўғи 17 километр олдинга силжишга муваффақ бўлган.