Франция суди Башар Асадни ҳибсга олишга ордер берди
Олам
−
03 Сентябрь 2670 2 дақиқа
Франция суди Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарди. Бу ҳақда кеча, 2 сентябрь куни “France 24” хабар берди.
Ордер америкалик 56 ёшли журналист – Британиянинг “The Sunday Times” газетасида ишлаган Мари Колвин ва 28 ёшли француз фотографи Реми Ошликнинг ўлими билан боғлиқ иш доирасида берилган. Улар 2012 йилда Ҳомс шаҳрининг ҳукумат қўшинлари томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида ҳалок бўлган. Франция ҳукумати уларнинг ўлимини инсониятга қарши жиноят ва ҳарбий жиноят сифатида тергов қилмоқда.
Ордерлар Башар Асаддан ташқари унинг укаси, Сурия 4-танк дивизияси собиқ қўмондони Моҳир Асад, разведка бошлиғи Али Мамлюк ва армия штаби собиқ бошлиғи Али Айюбга ҳам тааллуқли.
Маълумот учун, 2023 йил ноябрида ҳам Франция суди Асадга 2013 йилда Сурияда содир этилган кимёвий ҳужумларни ташкил этганликда айблов қўйиб, уни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган. Бироқ жорий йилнинг июлида Франциянинг Олий кассация суди бу ордерни бекор қилган ва Асад айбланаётган пайтда президентлик иммунитетига эга бўлганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Асад Сурияни 20 йилдан ортиқ бошқарди. 2024 йил декабрида унинг режими ағдарилди, собиқ президент эса Россияга қочиб ўтди. Кремль расмий равишда унга “гуманитар мақсадда” сиёсий бошпана берганини тасдиқлади.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь