Франция Башар Асадга берилган ҳибсга олиш ордерини бекор қилди
Олам
−
28 Июль 4212 2 дақиқа
Жорий йилнинг 25 июль куни Франция Кассация суди (мамлакатнинг энг юқори суд инстанцияси) Сурия собиқ президенти Башар Асадга нисбатан илгари чиқарилган ҳибсга олиш ордерини бекор қилди. Бу ҳақда “Lexpress” хабар берди.
Суд бу қарорни Асаднинг президентлик даврида халқаро ҳуқуқ доирасидаги тўлиқ дипломатик иммунитетга эга бўлганлиги билан изоҳлаган. Бу иммунитет ҳаттоки уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларга ҳам тааллуқли ҳисобланади.
Бироқ судья Кристоф Суляр таъкидлаганидек, эндиликда Башар Асад давлат раҳбари эмас ва шу сабабли унга қарши очилган жиноят иши давом эттирилади. Шу доирада янги ҳибсга олиш ордерлари чиқарилиши мумкин.
Башар Асад Сурияни қарийб 25 йил бошқарган. У 2024 йил декабрь ойида ҳокимиятдан ағдарилган ва Россияга қочиб кетган эди.
Франция ордери дастлаб 2023 йилнинг ноябрь ойида чиқарилган. Бу 2013 йилда Сурия ҳукумати қўшинлари томонидан Дамашқ яқинидаги Дума ва Адра шаҳарларида халқаро конвенциялар билан тақиқланган кимёвий қурол – сарин гази қўлланилгани бўйича очилган жиноят иши доирасида амалга оширилган эди. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, бу ҳужум оқибатида мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.
Франция ордерни халқаро қонунлар асосида чиқарган, яъни агар жиноят содир этилган мамлакатда адолатли суд бўлиши имконсиз бўлса, бундай жиноятлар бошқа давлатларда ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Башар Асад билан бир қаторда унинг укаси – элита кучларига қўмондонлик қилган Моҳир Асад ва яна икки нафар суриялик генералга нисбатан ҳам ҳибсга олиш ордерлари чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 январь куни Франциядаги тергов судьялари Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни 2017 йилда Араб Республикасидаги тинч аҳоли манзилларини бомбардимон қилишда иштирок этганликда ҳам айблаб, ҳибсга олиш учун яна бир ордер берганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь