Франция Қорабоғ бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши чақирилишини талаб қилди
Олам
−
19 Сентябрь 2023
4452Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.
“Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилмоқда. У Озарбайжоннинг қабул қилиб бўлмайдиган ҳужуми бўйича Европадаги ҳамкорлари ва Қўшма Штатлар билан маслаҳатлашмоқчи”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Франция Бакуни жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ва халқаро қонунларга риоя қилишга чақирган.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ҳам (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашганини қоралаган ва Озарбайжонга мурожаат билан чиққан.
“Европа Иттифоқи Қорабоғнинг контакт чизиғи ва бошқа нуқталарида ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишини қоралайди. Иттифоқ можаролар оқибатида тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлаётганидан афсусда. Биз Озарбайжонни жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, дейилади расмий баёнотда.
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг айтишича, Озарбайжон маҳаллий аҳолини Қорабоғдан депортация қилиш учун баҳона тўқимаслиги зарур.
“Баку ва Қорабоғ арманлари ўртасидаги мулоқотга шошилинч равишда қайтиш зарур. Бу ҳарбий кучайишдан маҳаллий аҳолини мажбуран олиб чиқиб кетиш учун баҳона сифатида фойдаланмаслик керак. Тинчлик музокаралари ва нормаллашув учун зўравонлик тўхтатилиши керак. Европа Иттифоқи мулоқотни осонлаштиришга тўлиқ содиқ қолади”, дейди Боррель.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси