Фоторепортаж: Навальний Путиннинг “сирли сарой”ини фош қилди
Олам
−
20 Январь 2021
32549Россияда Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси ҳамда мухолифат етакчиси ҳисобланган Алексей Навальний заҳарланиш ташхиси билан Германияда узоқ муддат даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва ўша вақтнинг ўзидаёк аэропортда ҳибсга олинди. У айни вақтда панжара ортида. Қизиғи шундаки, ўзи ҳибсда бўлган сиёсатчининг “Путин учун сарой” номли йирик суриштирув фильми эълон қилинди.
Навальнийга кўра, икки соатли ушбу фильм Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга тегишли бўлган сарой ҳақида. Аввал ҳам кўплаб оммавий ахборот воситаларида ушбу йирик мажмуа “Путин саройи” эканлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Фильмнинг кириш қисмида Навальний ҳали Берлин шифохонисида даволанаётган пайтидаёқ ушбу суриштирув ҳақида ўйлаб юргани тўғрисида сўзлаб беради. Шунингдек, сиёсатчи фильмни айнан ватанига қайтганидан сўнг, оммага эълон қилганига қуйидагича изоҳ берган:
“Ушбу фильмнинг бош қаҳрамони (Путин – таҳр.) биздан қўрқди. Шу сабабли чет элдан туриб сирлар ҳақида айтиб беряпти, деб ўйламаслиги учун шу қарорга келдик”, дейди мухолифат етакчиси.
Фильмнинг кириш қисми Германияда суратга олинган бўлиб, унда Путиннинг коррупцион схемага асосланган ҳаёти ва таниш-билишлар орттириши айнан Германиядан, аниқроғи Дрездендан бошлангани ҳақида сўз боради.
Навальнийга кўра, суриштирув марказига Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида жойлашган, умумий 17 691 метр квадрат майдонни эгаллаган, нақд 39 та Монако князлигига тенг бўлган “бутун бошли қироллик” қўйилган.
Таъкидланишича, мажмуа ходимларига ўзлари билан ҳатто камерали, оддий телефон аппаратини олиб келиш ман қилинган. Шунингдек, мажмуа ҳудудига кирувчи барча автомобиллар бир нечта назорат пунктларида кўздан кечирилади.
Денгиз томон йўналган туннель
Фильмга кўра, ушбу мажмуада саройдан ташқари ёпиқ муз майдони, черков, 2500 метр квадрат ҳажмдаги иссиқхона, 80 метр узунликдаги кўприк ва ҳатто амфитеатр ҳам мавжуд. Мажмуанинг ўзига ҳос жиҳатлари кўп. Улардан бири эса, махсус туннель ҳисобланади. Бу нимага керак бўлади, дейсизми? Гап шундаки, мажмуа тик қирғоқ устига бунёд қилинган ва соҳилга тушиш денгиз томонга қаратилган хонаси ҳам бўлган ушбу туннель қурилган.
Саройнинг ўзи 68 гектар майдонни эгаллайди. Ундан ташқари, уни Федерал хавфсизлик хизматининг назоратида бўлган яна 7000 гектарга тенг ёпиқ ҳудуд ўраб туради.
BBC’нинг рус хизматига кўра, ушбу майдон саройга эгалик қилаётган “Комплек” МЧЖ томонидан ижарага олинган. Ундан ташқари, ушбу МЧЖ сарой олдидаги қирғоқни ҳам ижарага олган.
Навальнийга кўра, Федерал хавфсизлик хизмати ушбу қирғоққа яқин ҳудудда балиқ овлашни ҳамда мажмуа устидан самолёт учишини тақиқлаб қўйган.
Саройнинг ичига саёҳат
Фильмда шунингдек, сарой биносининг бош режаси ҳам намойиш қилинган. Унга кўра, саройда бир неча сауна, ҳаммом, бассейн, сартарошхона ва аквадискотека мавжуд. Ундан ташқари, қишки боғ, мусиқали меҳмонхона, казино ва спорт зали ҳам жойлашган.
Шу ўринда бир савол туғилади, юқори даражада қўриқланадиган ушбу сарой ҳақида шунча маълумотни Навальний қандай қўлга киритган?
Фильмда сиёсатчи ушбу саволга ҳам жавоб бериб ўтган. Унга кўра, суратга олиш жараёнларида унинг жамоаси дронлардан фойдаланган. Мажмуа яқинига келиш учун эса, нақд уч маротаба уринган ва ҳар сафар режалар чиппакка чиққан. Бироқ тўртинчи уриниш муваффақиятли амалга ошган. Бундан ташқари, мажмуада узоқ муддатдан бери давом этаётган қурилиш ишлари авжига чиққани сабабли ушбу ҳудудга келиб кетувчи ишчи-ходим ва курувчилар кўп бўлган ва айнан улар Навальний жамоасига қимматли маълумотларни улашган.
Фильмда саройда мавжуд бўлган ҳар бир мебелнинг сурати ва тахминий нархи тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилган. Унга кўра, саройда бир дона столнинг баҳоси 4 миллион рубль ва мажмуада 2 миллион рубллик диван ҳам мавжуд.
Бундай катта ҳашаматга маблағ қаердан келади?
Суриштирув материалида ушбу саволга ҳам батафсил жавоб берилган. Қайд этилишича, 2010 йилда петербурглик Сергей Колесников исмли ишбилармон Путиннинг коррупцион тизимига нуқта қўйишга чақириб, Россиянинг ўша пайтдаги Президенти Дмитрий Медведевга ёзган хати оммага ошкор қилинган. Ушбу хатда сарой қурилишига жалб қилинган тадбиркор Колесников барча кирдикорлар: қалбаки шартномалар, оффшор ташкилотлар, пулнинг қандай ювилиши ҳақида ёзган. 10 йил аввал оммага маълум бўлган ушбу далил Навальний фильмига ҳам асқотган.
Шу билан биргаликда, ушбу суриштирув ишида Путиннинг ўнлаб эски таниш-билишлари коррупцион схеманинг ажралмас бўлаги сифатида кўрасатилган. Қурилиш ҳаражатлари Путинга яқин одамларга тегишли бўлган фирмалар ҳисобидан тўланган, ўтказдириб берилган.
LiveБарчаси