Ариповнинг айтгани ерда қолдими? Ҳокимлар мажлисбозликдан ортаётгани йўқ
Жамият
−
16 Март 2020
18644Бугун, 16 мартдан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирлар, мажлислар ва йиғилишларга чекловлар киритилди.
Бироқ Халқ таълими вазирлиги баъзи вилоятларда мактабларда ўқитувчилар иштирокида, жумладан маҳаллий ҳокимият вакиллари талабларига кўра, турли мажлислар ўтказилаётганлиги ҳақида маълумотлар келаётганини маълум қилди.
Шунга кўра, ХТВ ўқитувчилар иштирокида мажлислар ўтказиш бўйича топшириқ бермаганини билдирди. Вазирлик вилоят халқ таълими бошқармаларига ортиқча мажлислар ва йиғилишлар ўтказмаслиги бўйича топшириқ берди.
“Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимият вакилларини ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилмасликларини талаб қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат кеча, 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор 11 март куни Франциядан қайтган бўлган. Мамлакатдаги қолган 5 беморнинг 4 нафари биринчи беморнинг яқин қариндошлари. Бир нафар бемор эса Кеча, 15 март куни соат 05:15 Истанбул-Тошкент рейсида Туркиядан Ўзбекистонга келган.
Маълумот учун, дунё бўйича 170 002 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 6524 нафар бемор вафот этган, 77 778 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.