Филипп Киркоров “яланғоч” базмдаги иштироки хато бўлганини айтди
Маданият-санъат
−
28 Декабрь 2023
22735Таниқли хонанда Филипп Киркоров россиялик телебошловчи, киноактриса ва видеоблогер Настя Ивлеева томонидан ташкил қилинган машҳурларнинг "яланғоч" базмига бориб, хато қилганини айтиб ўтди. У бу ҳақда тармоқларга жойлаган видеосида гапирди.
Гап шундаки, Киркоров жорий йилнинг 20 декабрь куни россиялик таниқли шахслар йиғилган базмга деярли яланғоч ҳолда ташриф буюрган ва у ерга шундай кўринишда ташриф буюрган бошқа санъаткорлар билан бирга суратга тушган. Ушбу фотолар эса тармоқларда тарқалган.
Базмдан сўнг, ушбу тадбирнинг баъзи фото ва видео материалларида ЛГБТ ташвиқоти аломатлари борлиги сабаб контентлар блокланди.
Шунингдек, хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича федерал лойиҳа раҳбари Виталий Бородин эса Филипп Киркоровни Россия халқ артисти (2018) унвонидан маҳрум қилишга чақирди. У Маданият вазирлигига бу борада мурожаат йўллади. Давлат Думаси депутати Александр Шолохов эса ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.
Ушбу шов-шувлардан сўнг, хонанда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларидан бирига бўлган воқеалардан афсусда эканини билдириб видео жойлади.
“Узр айтиш эркакка хос эмас, шунинг учун ҳаммага бирданига жавоб бераман. Мен қилган хатомни тушунаман. Россия халқ артисти ўзи қатнашаётган тадбирларда эҳтиёткорроқ бўлишга мажбур. Россияда санъаткор ва фуқаро сифатида ижодимнинг чекланиш эҳтимоли юзага келганига ўзимнинг ҳаракатим сабаб бўлди”, дейди хонанда.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир инсоннинг ҳаётида "нотўғри эшикдан кирган" лаҳзалари бўлади. У таклифнома олганини ва боришга ваъда берганини, лекин зиёфатнинг моҳиятини билмаганини қўшимча қилди. У, шунингдек, масъулиятни бошқалар зиммасига юкламоқчи эмаслигини, бугунги замонда халқ артисти ҳар қандай тадбирда масъулиятсизликка йўл қўймаслиги кераклигини айтиб ўтди.
“Мен ўз юртимнинг санъаткориман, мен ватанимнинг ватанпарвариман. Мен ҳеч қачон икки курсида ўтиришга уринмаганман ва ҳеч қачон хиёнат қилмаганман. Мен томошабин ва тингловчиларни яхши кўраман. Мен ҳеч қачон ҳеч кимдан қўрқмаганман ва қўрқмайман. Мен ўз ватанимни яхши кўраман ва буни ҳеч ким тақиқлаёлмайди”, дейди хонанда сўзи якунида.
Маълумот учун, зиёфат ташкилотчилари меҳмонлардан деярли яланғоч келишларини сўраган. Тадбирда Ксения Собчак, Лолита Милявская, Жиган, Оксана Самойлова, Анна Асти, Дима Билан, Глюкоза ва бошқа машҳурлар иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляева ҳам россиялик телебошловчи, киноактриса ва видеоблогер Настя Ивлеева томонидан ташкил қилинган машҳурларнинг "яланғоч" базмига борганидан афсусда эканини маълум қилганди.