Фермер МИБдан 355 млн сўм ундирди

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилоятида Қарши туманлараро иқтисодий суди қарори билан Мажбурий ижро бюросидан тадбиркор фойдасига 355 миллион сўм ундириш белгиланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Бизнес омбудсман девони масъул ходими Исмоил Сайитов маълум қилди.

Гап Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлими ва тумандаги фермер хўжаликларидан бири ўртасидаги иш ҳақида бормоқда. МИБнинг туман бўлими 2022 йилнинг 1 февралидан 23 октябригача фермер хўжалигидан жами 35 миллион сўм қарздорликни ундиришга оид 5 та ижро иши қўзғатиш тўғрисида қарорлар қабул қилган. Бироқ, давлат ижрочилари томонидан қарздор ижро иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги қарорлар билан таништирилмаган ҳолда, гаровда турган ҳайдов трактори хатланиб, фермер хўжалигининг даласидан олдиндан огоҳлантирилмасдан аукционда сотиш учун олиб кетилган.

Фермер эса қарздорлик нотўғри ҳисобланганини, олдиндан бу ҳақида огоҳлантирилганда масалага ойдинлик киритиб, қарзини тўлаган бўлишини бир неча бор таъкидлашига қарамай, давлат ижрочилари буларни эътиборсиз қолдирган.

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, 35 миллион сўмлик қарздорлик учун ундирув номутаносиб миқдордаги мулкка, яъни 977 миллион 500 минг сўм кредит маблағига сотиб олинган тракторга қаратилиб, олиб кетилган.

Бироқ “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 60-моддасида, товарлар ишлаб чиқаришда, ишларни бажаришда ёки хизматлар кўрсатишда бевосита қатнашадиган мулкий ҳуқуқларга, кўчмас мулк объектларига, шунингдек хомашё ва материаллар, дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқаришда бевосита қатнашишга мўлжалланган бошқа асосий воситаларга нисбатан ундирув учинчи навбатда қаратилиши белгиланган.

Шундан сўнг, Қарши туманлараро маъмурий судида мазкур масала кўриб чиқилди ва унда Бизнес омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўъбаси ходимлари қатнашиб, фермернинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринди. Натижада, 2022 йилнинг 7 декабрида трактор хатловдан чиқарилиб, фермерга қайтарилди. 

Бу билан иш якунлангани йўқ. Чунки трактор ноқонуний ушлаб турилган 49 кун давомида етказилган зарар масаласи очиқ қолган эди.

Шунинг учун ҳам, фермер хўжалиги МИБнинг Нишон тумани бўлимидан 355 млн сўм ундириш тўғрисида Қарши туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган. Бироқ 2023 йилнинг 7 апрелида суд даъвони рад этди. Суд қароридан норози томон Олий судгача борди ва у олдинги судларнинг қарорларини бекор қилди. 

Кеча, 5 февраль куни Қарши туманлараро иқтисодий судида иш  қайта кўрилиб, фермер фойдасига Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлимидан 355 млн сўм ундириш тўғрисида қарор чиқарилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё МИБ фермер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг