Фарғонада адвокатлар 50 минг доллар олаётганда қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
18 Июль
8323Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда жойларда ўтказилган тезкор тадбирларда адвокатлар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Фарғона шаҳридаги ҳолатда адвокатлик фирмаларида ишловчи 2 нафар адвокат ўзаро тил бириктирган ва 2023 йилда суд ҳукми билан 6 йил 8 ой муддатга қамалиб, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг жиноят ишини вилоят суди томонидан тафтиш тартибида кўриш давомида, унга нисбатан тайинланган жазони суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога ўзгартириб беришга уринган. Эвазига улар 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. Адвокатлар пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент шаҳридаги ҳолатда эса адвокатлик фирмасининг муқаддам бир неча маротаба судланган адвокати тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖнинг 12 млрд сўм миқдоридаги зарарнинг 6 млрд сўмини прокуратура ва ички ишлар органларидаги танишлари ёрдамида жабрланувчи фойдасига ундириб беришга ваъда берган. Эвазига эса 100 минг АҚШ доллари талаб қилган. Адвокат сўралган пул маблағидан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, адвокатнинг мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган ҳамкасби ва муқаддам прокуратура органларида ишлаган таниши ҳам 50 минг АҚШ долларидан 30 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланган.
Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмасининг муқаддам судланган адвокати Оқдарё туманида яшовчи фуқаронинг турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳини бекор қилишда суддаги таниш-билишлари орқали ёрдам бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жиззахда адвокатлик бюроси раҳбари 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланганди.