Суд ва адвокатлик бюроси мансабдорлари пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Самарқандда суд бошқарувчиси, Жиззахда адвокатлик бюроси раҳбари ҳамда Бухорода суд бошқарувчиси, топо хариталар тузиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси мансабдори пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Самарқанд вилоятида Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг вилоят бўлими суд бошқарувчиси Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Самарқанд туманидаги хўжалик моллари савдоси билан шуғулланувчи оилавий корхонани тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланган ва корхона фаолиятини текшириш давомида, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 1 млрд 916 млн сўм пул маблағини бошқа шахсларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб юборилганлиги ҳолатини аниқлаган. Ушбу пул маблағи қайтарилмасдан корхонани банкрот деб эълон қилиш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари талаб қилиб, сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.

Шунингдек, ассоциациясининг Бухоро вилояти бўлими суд бошқарувчиси Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан, Шофиркон туманидаги бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятни тугатишга масъул этиб тайинланади. Лекин, у мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, алдов йўли билан, Прокуратура департаменти томонидан қайта текширув ўтказилмаслиги ҳамда давлат реестридан чиқаришда суд ва солиқ идораларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилиб, дастлаб 200 АҚШ доллари олади ва қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Бундан ташқари, 2023 йилнинг сентябрь ойида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчи томонидан етказилган зарар қопланганлиги боис, жорий йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг ҳукми билан, унга нисбатан 18 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиззах шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси раҳбари эса ўзининг ҳимоясида бўлган мазкур судланувчининг қариндошларидан муқаддам шартнома асосида 5 млн сўм, шунингдек, шартномасиз 4900 АҚШ доллари олган бўлса-да, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида гўёки ҳуқуқ-тартибот идораларидаги танишларига пул берганлигини айтиб, яна 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Шу билан бирга, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида жойлашган Геодезия ва топо хариталар тузиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари маҳаллий қурилиш фирмасига қарашли 701 м.кв бўлган ер майдонида кўп қаватли уй қуриш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ваколатли танишлари орқали тайёрлатиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 12 500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан архитектура-режалаштириш топшириғини тайёрлаб бериш эвазига 5000 АҚШ доллари олган вақтида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи мансабдор таниши ҳам қўлга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Бухоро Жиззах суд бошқарувчиси адвокатлик бюроси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг