Ёзнинг энг чўзилган эртаги: Де Йонг “Барса”да қолмоқчи
Спорт
−
10 Август 2022
2428Нидерландиялик футболчи Френки де Йонг “Барселона”да 2026 йилгача қолмоқчи. Яъни, у амалдаги келишуви якунланмагунча Каталония клубини тарк этишни хоҳламайди. Бу ҳақда “Мundo Deportivo” нашри ёзмоқда.
Манбага кўра, ярим ҳимоячи Каталония клубида муваффақият қозонишни истайди. У “Манчестер Юнайтед”га ўтиш ниятида эмас. Бироқ “Барселона” футболчининг трансферини бонуслар билан бирга 85 миллион еврога келишиб олган.
Де Йонгга “Барса”нинг ўзи билан имзоланган шартномани ноқонуний деб топиш учун судга мурожаат қилмоқчилиги ҳам таъсир қилмаяпти. Френкига кўра, клуб шу йўл билан уни шартномасидаги маошни камайтиришга мажбурламоқчи.
Қайд этилишича, Френкининг атрофидагилар ва унинг адвокатлари “Барселона”нинг қадамларини диққат билан кузатиб бормоқда. Футболчининг жамоаси аллақачон Каталония клубининг хатти-ҳаракатлари ҳақида Испания Футболчилар иттифоқи, FIFAPro ва Ла Лигага хабар берган. Улар де Йонг билан 2020 йил октябрь ойида имзоланган шартномани маъқуллаган. Шунингдек, Жерар Пике, Клеман Лангле ва Марк-Андре тер Штеген билан тузилган келишувлар ҳам Ла Лига томонидан қўллаб қувватланган.
24 ёшли футболчи ўзини “Барса”нинг найрангларига қурбон деб ҳисоблайди. Клуб унинг обрўсини ёмонлаштириш учун унга қарши туҳмат кампаниясини бошлаган. Ярим ҳимоячи учун буни қабул қилиб бўлмайди, аммо у таслим бўлиш ниятида эмас. Де Йонгнинг яқинлари амалдаги шартномани қайта кўриб чиқиш имкониятини “0,0 фоиз” деб баҳолашмоқда.
Френки келажакда воқеалар қандай ривожланишини кутмоқда, аммо ҳозирча у ҳеч қандай баёнот бермайди ва шунчаки янги мавсумга тайёргарлик кўради. Унинг агентлари ҳам жимликни бузмоқчи эмас, чунки уларнинг ҳар қандай баёноти футболчига зарар етказиши мумкинлигини тушунишади.
Аввалроқ, "Барселона" де Йонг билан 2020 йилда имзоланган битимни ноқонуний деб ҳисоблаши ва бу масала юзасидан судга мурожаат қилмоқчи эканлиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси