Эрон денгиздаги кучларини ҳам такомиллаштирмоқда
Олам
−
09 Март 2023
4873Бугун, 9 март куни кўп мақсадли “Шаҳид Маҳдави” ҳарбий кемаси Эрон Қуролли кучларининг элита бўлинмаси – Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий-денгиз кучлари хизматига топширилди. Бу ҳақда Эроннинг ISNA ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кема сузувчи база бўлиб, унда жанговар вертолётлар, тезюрар катерлар ҳамда турли масофадаги “ер-ер” ва “ер-ҳаво” ракеталарини учириш мосламалари жойлашган.
Манбага кўра, кемани лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш ишларининг ҳаммаси Эронда амалга оширилган. Кеманинг узунлиги 240 метрни, эни эса 27 метрни ташкил қилади. Унда юқори манёврга эга “Ашура” ва “Тарек” тоифасидаги жанговар ракета катерлари, шунингдек, 10 километрдан 180 километргача уча оладиган 99 та ракета учириш мосламалари, турли учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий ракетага қарши мудофаа ва радар тизимлари мавжуд.
Маълумот учун, ўтган йили катта ҳажмли нефть танкери бўлган “Шаҳид Сулаймоний” қайта қурилган ва вертолёт ташувчиси сифатида Эрон денгиз кучларига қўшилган. Тезюрар қайиқлар билан жиҳозланган мазкур кемадан ҳам денгиз базаси сифатида фойдаланиш кўзланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эронда 1650 км масофага уча оладиган қанотли ракета ишлаб чиқилгани айтилганди. Бундан ташқари, Эрон ўзининг “Бургут 44” деб номланган биринчи ерости ҳаво кучлари базасини очганини эълон қилган эди.
LiveБарчаси