Биз Трампни ўлдирмоқчимиз – Эрон
Олам
−
25 Февраль 2023
19436Россия Украина урушида Эрон дронларидан фойдаланилгани ортидан Ғарбнинг хавотирлари кучайган бир пайтда Эрон Инқилобий гвардия қўмондонлиги 1650 км масофага уча оладиган қанотли ракета ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Инқилобий гвардия аэрокосмик кучлари раҳбари Амирали Ҳожизода кеча, 24 февраль куни давлат телевидениесида чиқиш қилиб, янги қурол республика ракета арсеналига қўшилганини эълон қилган. Телевидениеда янги Paveh қанотли ракетасининг илк кадрлари кўрсатилган. Шунингдек, у Эроннинг АҚШдан қасос олиш таҳдидларини эслатиб, собиқ Президент Дональд Трамп ўлдирилишини айтган.
“Биз Трампни ўлдирмоқчимиз. Сулаймонийни жонига қасд қилган ҳарбий қўмондонлар ва [АҚШнинг] собиқ давлат котиби Майк Помпео ҳам йўқ қилиниши керак”, деган Ҳожизода ўз интервьюсида.
Шунингдек, генерал 2020 йилда Бағдодда Эрон ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний Қўшма Штатлар томонидан ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб, Ироқдаги АҚШ кучларига баллистик ракета ҳужуми уюштирганида Эрон “бечора аскарларни” ўлдириш ниятида бўлмаганини айтган.
Маълумот учун, Эрон АҚШнинг қаршиликлари ва Европа давлатларининг хавотир билдиришига қарамай, ракета дастурини, хусусан, баллистик ракеталарини кенгайтирган. Расмий Теҳрон Эроннинг бу ҳаракатлари соф мудофаа хусусиятига эгалигини таъкидлаб келган. Россия томонидан Украинада қўлланилган дронларни эса уруш бошланишидан олдин Москвага етказиб берилгани айтиб келинади.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси