Эркинжон Турдимов Самарқанд ҳокими лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
05 Ноябрь
18368Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида яна ушбу лавозимга тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими лавозимига номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказиш учун сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев Президент томонидан Турдимов номзоди кўрсатилганини билдирган.
Маълумот учун, Эркинжон Турдимов 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2018 йилдан Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритади.
Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига (Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш) кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас. Ҳокимларнинг ваколатлари муддати – 5 йил.
Конституциянинг 123-моддасига кўра, вилоят ҳокимларининг ваколатига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш киради.
LiveБарчаси